Туркия Қора денгиздаги стратегик объектлар хавфсизлигини кучайтиради
Олам
−
20 Декабрь 791 2 дақиқа
Туркия Қора денгизда дронлар билан боғлиқ ҳодислар фонида муҳим ташқи ва сувости объектларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўрмоқда. Бу ҳақда мамлакат Миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер маълум қилди.
Бунгача Туркия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз устида – Туркия ҳаво ҳудудида бошқарувдан чиққан бўлиши мумкин бўлган учувчисиз аппарат F-16 қирувчи самолёти томонидан уриб туширилганини билдирган. Бунда дрон қайси давлатга тегишли экани аниқлаштирилмаган.
Гюлернинг айтишича, энг аввало фуқаро авиацияси хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилган.
“Биз ушбу йўналишда ҳаракатланаётган самолётларни энг яқин аэропортларга йўналтирдик ва уларнинг хавфсиз қўнишини таъминладик. Шундан сўнг дрон йўқ қилинди ва фуқаро ҳаво қатнови одатдаги тартибда давом этди”, дейди вазир.
У Анқара стратегик инфратузилмани ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратаётганини билдирган.
“Биз Қора денгиздаги муҳим устки ва сувости объектларимизни ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўряпмиз. Бурғилаш кемалари биз учун ҳаётий аҳамиятга эга. Йўналишдан чиққан ёки бошқарувни йўқотган дронларга, шунингдек, сув остидан чиқиши мумкин бўлган потенциал таҳдидларга қарши чоралар ишлаб чиқилган ва амалда қўлланилмоқда”, дейди вазир.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 декабрь куни Туркия ҳаво ҳудудига учувчисиз учиш аппарати бостириб кириб, пойтахт Анқарагача етиб борган. Кеча, 19 декабрь Туркия Мудофаа вазирлиги ОАВда тарқалган хабарларни тасдиқлаб, 17 декабрь куни яна бир дрон мамлакатнинг шимоли-ғарбида жойлашган Кожаэли вилоятининг Измит тумани ҳудудига қулаганини маълум қилди. Вазирлик баёнотида қайд этилишича, қулаган учувчисиз аппарат Россияда ишлаб чиқарилган.
Live
Барчаси