Дунё тарихидан Туркистон юлиб олинса, унда қийматли ҳеч нарса қолмайди – Сайид Юсуф

Жамият

image

Туркий халқлар тарихидан Туркистон юлиб олинса, унда қийматга эга бошқа ҳеч нарса қолмайди. Ҳатто, дунё маданияти тарихидан Туркистонни чиқарсак, ундан ҳам ҳеч нарса қолмайди. Бу ҳақда TURKSOY – Туркий маданият ташкилоти бош котиби ўринбосари Сайид Юсуф Тошкентда ўтган конференциядаги нутқида сўз очди. 

Гап шундаки, бугун, 5 декабрь куни Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ), Туркий давлатлар географик кенгаши (ТДГК) ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) ҳамкорлигида “Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан олимлар, профессор ва фан докторлари иштирок этди. 

Конференция жадид Абдулҳамид Чўлпоннинг “Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?” шеъри билан куйланган қўшиқ садолари остида очилди. 

Сўнгра, Халқаро Туркий Маданият Ташкилоти “Turksoy” бош котиби ўринбосари, профессор, доктор Сайид Юсуф сўзга чиқиб, туркий халқлар маданиятининг аҳамияти ҳақида гапирди. 

“Туркий халқлар тарихидан Туркистон юлиб олинса, унда қийматга эга бошқа ҳеч нарса қолмайди. Ҳатто, дунё маданияти тарихидан Туркистонни чиқарсак, ундан ҳам ҳеч нарса қолмайди. Мен Ҳиндистонни, Покистонни кездим, Африканинг марказидан Суданга қадар бордим. У ерларда ўз тилини унутган миллионлаб туркийлар билан кўришдим. Ҳиндистондаги туркийлар 50 миллиондан кам эмас ва улар менга шундай деди: “Биз туркиймиз ва туркий тилни ўрганишни истаймиз. Бизнинг туркий мактабларимиз, туркий коллежларимиз бор”. Дунёнинг тўрт тарафидаги туркларга, қардошларимизга маданиятимизни етказиш жуда муҳим”, дейди профессор. 

Тадбирда сўзга чиққан ТДГКнинг бош котиби Ойбек Норинбоевнинг билдиришича, 2024 йил февраль-март ойларида ҳам Туркий Давлатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Қорахонийларга бағишланган конференцияни ўтказиш режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий давлатлар ташкилоти TURKSOY

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг