Туркия Исроил билан энергетик ҳамкорликни тўхтатди
Олам
−
26 Октябрь 2023
8907Туркия Исроил билан қўшма энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни тўхтатди. Бу ҳақда ҳукуматга яқин “Yeni Şafak” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия Энергетика вазири Алпарслон Байроқдор ҳам ноябрь ойига мўлжалланган Исроилга сафарини бекор қилган. Ушбу ташрифда маҳаллий ҳокимият ва компаниялар билан газ сотиб олиш ва унинг Европага транзити бўйича музокаралар ўтказиш режалаштирилган эди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса кеча, 25 октябрь куни парламентда қилган чиқишида Фаластин-Исроил можароси авж олгани сабабли турк расмийларининг Исроилга режалаштирилган барча ташрифлари бекор қилинганини маълум қилган.
Таъкидлаш жоизки, Туркия олдинроқ Исроил билан Ўрта ер денгизидан газ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бораётганини билдирган эди. Туркия ва Исроил ўртасида 4-5 йил ичида денгизда газ қувури қурилиши мумкинлиги илгари сурилганди.
Маълумот учун, Шарқий Ўрта ер денгизидан газни ташиш масаласи 2020 йил январь ойида Греция, Исроил ва Кипр томонидан имзоланган Шарқий Ўрта ер денгизи газ қувурини (EastMed) қуришнинг мақсадга мувофиқлигига шубҳалар туфайли долзарб бўлиб қолган.
Ҳужжат Исроилнинг Левиафан конидан ва Кипрнинг Афродита конидан Грецияга, кейин эса Италияга газ етказиб беришни назарда тутади. Америка Қўшма Штатлари дастлаб бу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлади, аммо кейинчалик ўз позициясини қайта кўриб чиқди ва буни экологик нуқтаи назарлар, лойиҳанинг молиявий ночорлиги ва Туркиянинг унга нисбатан салбий позицияси туфайли Шарқий Ўрта ер денгизида юзага келиши мумкин бўлган кескинлик билан изоҳлади.
LiveБарчаси