Каримовга суиқасд қилганлардан бири афв этилиб, озодликка чиқди

Жамият

image
Зокиржон Алматов Ислом Каримовга уюштирилган суиқасдни хотирлади north_east

Зокиржон Алматов Ислом Каримовга уюштирилган суиқасдни хотирлади

Ўрта авлод вакиллари 1999 йилнинг 16 февралини яхши эслайди. Тошкент осмони қора тутунлар билан тўлган ўша мудҳиш кунда мамлакатдаги энг йирик қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилган эди. Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатида, хавфсизлик хизматидан тортиб, энг кичик идоралар фаолиятида ҳам туб бурилиш ясаган ушбу ҳодиса нафақат мамлакатнинг конституциявий ҳокимиятини ағдаришга ҳаракат, балки шахсан Биринчи Президент Ислом Каримовга қаратилган суиқасд эди.

Шу воқеадан кейин Жиноят кодексининг 159-моддаси, яъни Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланган Абдусаттор Қодиров узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидан бўлган Абдусаттор Қодиров динни ўрганиш мақсадида қўшилган гуруҳ фитнакорлар тўдаси эканини чуқур англамай туриб, уларнинг буйруқларини бажаришга киришди. Динга даъватлар билан бошланган “варақа”ларда мавжуд тузумни ағдариш ғояси акс этганини 22 ёшли косиб йигит тушуниши даргумон эди. Чунки унинг на диний, на сиёсий билими йўқ эди. Шундай варақани тарқатаётганда ушланган бу йигитнинг тақдирига эса қора чизиқ тортилди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 5 февраль куни “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Ушбу фармонга асосан Абдусаттор Қодиров ҳам озодликка чиқди, деб ёзмоқда ЎзА. 

“Ушланган пайтларим ўзимни қандайдир мақсадни амалга оширган қаҳрамондек ҳис этганман. Аммо қилмишимнинг нақадар сохта ва кераксизлигини ҳеч қанча ўтмай англаб етдим. Суд жараёнларида ота-онам, аёлим кўзидан тўкилган аччиқ ёшлар олдида ўша варақалар бир пулга ҳам арзимаслигини англадим. Аммо энди кеч ва жазо олишим муқаррар эди. Умумий ҳисобда 21 йилга ҳукм этилиб, 20 йил зонада бўлдим. Панжаралар ортида нафақат йигит умрим, балки ота-онамнинг мен билан боғлиқ умиди, аёлимнинг орзу-ҳаваси, болаларимнинг ота меҳрига бўлган талпиниши, соғинчи қурбон бўлди. Шу йиллар ичида гўёки улар мен билан бирга зонада “ўтирди”, назаримда”, дейди Қодиров.

Маълумот ўрнида, Президент фармони билан афв этилган 58 кишидан 41 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 3 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Бир сўз билан айтганда, 44 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 2 нафарини аёллар ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ислом Каримов 16 февраль воқеалари

Баҳолаганлар

2355

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг