Зокиржон Алматов Ислом Каримовга уюштирилган суиқасдни хотирлади
Жамият
−
20 Март 2019
45864Хабарингиз бор, жорий йилнинг, 18 март куни QALAMPIR.UZ томонидан 1991-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири сифатида фаолият юритган, айни дамдаги Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматович Алматов билан эксклюзив интервью тақдим этилган эди.
Зокиржон Алматович мазкур интервьюда мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик қўпорувчилик ҳаракатлари – 1999 йил 16 февраль воқеаларини ёдга олди.
Тошкент осмонини қора тутун қоплаган ўша мудҳиш кундаги террорчилик ҳаракатлари фақатгина мамлакатнинг конституциявий тузумига қарши ҳаракат эмас, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга суиқасд ҳам эди.
Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Зокиржон Алматов 16 февраль воқеаларини эсларкан, бундай қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун ақлли бўлиш шартмаслигини айтиб ўтди.
“Биласизми, террористик ҳаракатларни содир этиш учун жуда катта ақлнинг кераги йўқ. Ё белига бомба боғлаб ўзини шаҳид қилади ёки... Инсоннинг онгини шунчалар заҳарлашадики ўз халқига қурол кўтаради, қўпорувчилик натижасида зиён етказади”, дейди Зокиржон Алматов.
Ўз сўзида давом этиб, ўқиб мулла бўлмаган ёки спорт билан шуғулланмаган, характери ожиз, заиф, иродасиз инсонлар террорчилар сафига қўшилиб, халқига қарши қурол кўтаришини айтиб ўтди.
“1999 йилларда содир этилган 16 февраль воқеасига келсак, хўш, бу кимлар томонидан содир этилди? Андижон, Наманган яна бошқа 1-2 вилоятлардан чиққан йигитларимиз Чеченистонга бориб қолишган. Ана ўша ердаги урушда қатнашиб, араб фуқароси бўлган Хаттаб деган террорчининг қўлига тушиб қолишади. Шуни тарбиясини олиб, лагерда тайёргарликдан ўтиб, махсус бир портловчи моддалар билан ишлашни ўрганиб, Ўзбекистонга келиб, террорчилик ҳаракатларини содир этишган. Кутилмаган пайтда, кутилмаган аҳволда содир бўлган. Уларнинг асосий мақсади Ўзбекистон Президентига суиқасд ўтказиш, халқни ичида нотинчлик юзага келтириш ва яна бошқа салбий оқибатларга олиб келиш эди. Қайси ўзбек ўз халқига хиёнат қилиб, қонини тўкади?”, дейди Алматов.
Зокиржон Алматовнинг таъкидлашича, ўша пайтда бу воқеа Ҳукуматни довдиратиб қўймаган. Шу куннинг ўзида махсус режа билан иш бошланган. Халққа ҳамма нарса адолатли етказилган ва мудҳиш жиноятни кимлар содир этиши мумкинлиги айтилган.
“Олий Мажлисда бўлган йиғилишда давлатимиз раҳбари буни халққа эълон қилди. Жиноятлар қайси экстремистик ташкилот томонидан содир этилишини изоҳлаб берди. Ана шу пайтда қаердан бўлса ҳам жиноятни содир этган жиноятчиларни топиб, зарарсизлантириш, Ўзбекистонга олиб келиш масаласи бизнинг олдимизга қатъий вазифа қилиб қўйилди. Қисқа вақтда кўрилган чора-тадбирлар туфайли биз жиноятчиларнинг изига тушдик”, дейди собиқ вазир Зокиржон Алматов.
16 воқеалари ўша давр мутасаддилари хотирасида ўчмас тамға бўлиб қолгани табиий. Зокиржон Алматов давлат раҳбарилан жуда катта танбеҳ эшитганини хотирлади.
“Давлат раҳбаридан жуда катта танбеҳ эшитдик. Бу ҳолат халқимиз орасида норозиликка сабаб бўлди. Ички ишлар идоралари ходимлари қаёққа қаради, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, махфий хизмат қаёқда эди, деган ҳар хил салбий гапларни, иддаоларни эшитдик. Агар биз ўша пайтда довдираб, вазиятни издан чиқариб юборсак, тўғри келмас эди. Оператив маълумотларга эга бўлмаганлигимиз оқибатида шу воқеалар содир бўлди. Халқимизнинг қони тўкилди. Иқтисодий зарар етказилди.
Биз айбни ўз бўйнимизга олдик. Лекин ундан кейин бундай воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун мен жуда катта йиғилишда, Ўзбекистон телевидениесида, Олий Мажлисда халқимизга узримни ҳам айтиб ўтдим. Халқимиз бизга ишонди. Жиноятчилар фош этилди. Кўпчилиги Туркия, Россия, Қозоғистан давлатларидан Тошкентга олиб келинди. Уларнинг ҳаммаси жиноий жавобгарликка тортилди”, деб айтиб ўтди Зокиржон Алматов.
Мазкур интервьюни тўлиқ шаклда қуйида ёки YouTube ва Mover’даги саҳифаларимизда кўришингиз мумкин.
Тўлиқ интервьюни қуйида томоша қилинг