Туркия Ал-Ақсо масжиди мақомига алоҳида аҳамият беради – Эрдўған

Олам

image

Расмий Анқара Исроил вакиллари билан ҳар бир учрашувда Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидининг Туркия ва бутун ислом олами учун аҳамиятини таъкидлайди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 20 апрель куни Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдани фракцияси олдида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Эрдўған Туркия Исроил ва Фаластин ўртасидаги қарама-қаршилик, жумладан, Исломнинг учинчи энг муҳим зиёратгоҳи – Ал-Ақсо масжиди ҳудудидаги фитналар тўхташгиа умид қилишини таъкидлади.

“Туркиянинг Исроил билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалари бошқа, Анқаранинг ислом зиёратгоҳлари мақоми дахлсизлиги масаласидаги қатъий позицияси бошқа. Биз бу минтақада барқарорлик ва тинчлик бўлишига умид қиламиз”, деган у.

Унинг сўзларига кўра, Исроил хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари Туркияни хавотирга солмоқда.

Эрдўған Исроил президенти Ицхак Герцог билан телефон орқали мулоқоти чоғида Анқаранинг бу борадаги позициясини аниқ маълум қилганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди. Бу ҳолат шундан бери ҳар куни такрорланиб келмоқда.

Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.

Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ал-Ақсо

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг