Туркия сайловларга АҚШ аралашуви эҳтимолидан огоҳлантирилди

Олам

image

Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу венгриялик мавқедоши Шандор Пинтер АҚШнинг республикадаги сайловларга таъсир ўтказишга уринишлари муносабати билан Анқарани эҳтиёткорроқ бўлиш ҳақида огоҳлантирганини айтди. Бу ҳақда бугун, 24 май куни “Aydinlik” газетаси хабар берди.

“Қўшма Штатлар номидан турли мамлакатлардаги тўқ сариқ инқилобларни молиялаштирган Жорж Сорос Венгриядаги сайловларга таъсир ўтказмоқчи бўлган. Венгрия Ички ишлар вазири Шандор Пинтер менинг дўстим, биз доимий алоқадамиз. Унинг сўзларига кўра, сайловга таъсир кўрсатиш учун маблағ тўғридан-тўғри АҚШ ғазнасидан келади. У бизни ҳам эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирди”, дейди Сойлу.

Туркия вазирининг қўшимча қилишича, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг Сорос ва унинг барча одамларини мамлакатдан чиқариб юборган. 

Бундан ташқари, Сойлу АҚШнинг Туркия ва Уйғурлар мавзусидан фойдаланиб Хитойга зарба беришга уринишларига эътибор қаратган. Унинг айтишича, АҚШнинг мақсади Туркияни республикада яшаётган уйғур туркларига қарши қадам ташлашга ундаш ва бу билан Хитойга маълум даражада таъсир ўтказишдир. 

Маълумот учун, Сойлу олдин ҳам АҚШ томонидан Туркиядаги сайловларга аралашишга уринишлар ҳақида бир неча бор баёнот берган эди. 14 май куни бўлиб ўтган овоз бериш арафасида у АҚШнинг сайловларга аралашиш режалари кучайиб бораётганига, Ғарб матбуоти АҚШ режасини амалга ошириш учун сайловларга аралашаётганига ишора қилган. Бундан ташқари, у Қўшма Штатларни номзодлардан бири Муҳаррем Инженинг президентлик пойгасидан чиқиб кетишига сабаб бўлган уйдирма видеоларни тарқатишда айблаган. Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Туркияга қарши барча ҳаракатлар ортида АҚШ Президенти Жо Байден турибди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрдўғаннинг сайловдаги рақиби Камол Қиличдорўғли Россияни Туркиядаги президентлик сайлови арафасида ижтимоий тармоқларда сохта материаллар тарқатганликда айблаганди. Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков эса унинг айбловини қатъиян рад этиб, бундай маълумотлар ёлғончилар томонидан тарқатилаётганини таъкидлади. Эрдўған эса рақибининг айбловларини “уятли” деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Эрдўған Қиличдорўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг