Туркия АҚШдан Россияга ҳарбий маҳсулотлар олиб киришни тақиқлади – FT
Олам
−
23 Октябрь
10813Вашингтон Анқарани агар савдони тўхтатмаса, оқибатлари ҳақида огоҳлантирганидан кейин Туркия Россияга Америка ҳарбий товарларини экспорт қилишни яширинча тақиқлади. Бу ҳақда Британиянинг “Financial Times” газетаси кеча, 22 октябрь куни учта манбага таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Анқара сўнгги ҳафталарда Вашингтон ва унинг ғарбий иттифоқчилари Украинада жанг қилаётган Россия учун муҳим деб ҳисоблаган тўртдан ортиқ товарларнинг экспортига тўсқинлик қилиш учун божхона тизимларига ўзгартиришлар киритган.
Туркиянинг электрон божхона тизими энди “жанг майдони товарлари”ни Москвага жўнатишга рухсат бермайди. Икки манбанинг таъкидлашича, Европа Иттифоқининг шунга ўхшаш маҳсулотлари аввалроқ блокланган.
Манбаларга кўра, микрочиплар ва масофадан бошқариш тизимлари каби фуқаролик буюмларига таъсир қилувчи савдо чекловлари сиёсий сабабларга кўра очиқ эълон қилинмаган.
Ҳарбий товарлар АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва Япония томонидан Россия қурол саноати учун зарур деб белгилаган Ғарбда ишлаб чиқарилган 50 та “юқори устувор” маҳсулотлар рўйхатига киритилган. Улар орасида Украинада уриб туширилган ракеталар ва дронларда мунтазам топиладиган илғор электроника, процессорлар ва хотира карталари, шунингдек, машиналар ва бошқа қурол-яроғлар бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Туркия мудофаа секторидаги субпудратчилар билан ҳамкорликда 155 мм ўлчамли ўқ-дорилар ишлаб чиқариши хабар қилинганди. Унга кўра, 2025 йил охиригача Техасдаги учта заводда ўқ-дори ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган. “General Dynamics Ordnance and Tactical Systems” билан қурилиш, монтаж қилиш ва кейинчалик ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузилган.
LiveБарчаси