Туркий кенгаш саммити бошланди. Иштирокчилар қаторида янги “юз”лар бор
Жамият
−
31 Март 2021
9470Айни вақтларда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бошланди. Онлайн шаклдаги саммит Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган.
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизситон Президенти Садир Жапаров, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этмоқда.
Эътиборли жиҳати Туркий кенгашда Туркманистон давлат ўлароқ илк бор қатнашяпти. Шунингдек, Садир Жапаров ҳам Кенгашда янгилардан.
Саммит давомида қардош мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Аввалбошда саммит Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида офлайн режимда ўтказилиши керак эди. Аммо эпидемиологик вазият туфайли расмий Нур-Султон тадбирни видеоконференция орқали ўтказишга қарор қилди.
Саммит якунига кўра, Туркий давлатларнинг маданий қадриятлари тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш ва Кенгашнинг мақомини белгилаш режалаштирилган.
Саммитда биринчи бўлиб Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған нутқ сўзлади. Нутқи давомида Эрдўған муқаддас Рамазон ойи тугаганидан сўнг Тоғли Қорабоғдаги Шуша шаҳрига боришга ваъда берди.
LiveБарчаси