Туркий дунёга ягона алифбо керак – Нуман Куртулмуш

Жамият

image

Туркий миллатларга ягона алифбо керак. Бу ҳақда Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш 5 апрель куни Хоразм вилоятида бўлиб ўтган “Ёшлар – туркий дунёнинг порлоқ юлдузи: умумий меросимиз, умумий келажагимиз” анжуманида сўз очди.

Унинг айтишича, турк дунёсининг муштарак алифбога эга бўлиши бу халқлар ўртасидаги бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.

“Турк дунёси 300 миллион аҳолига эга, Ўрта Осиёдан Онадўлигача, у ердан Болқон ва Европагача бўлган кенг географияда”, деган у.

Қуртулмушнинг қўшимча қилишича, ьурк дунёси инсон кучи, салоҳияти, ерости ва ерусти бойликлари ва ўз олдига қўйган мақсадлари билан бугунги кунда, айниқса, кўп марказли дунё пайдо бўладиган бугунги шароитда жаҳон сиёсатида кўтарилган юлдузлардан бири бўлади.

“Умид қиламанки, ҳар бирингиз таълим олаётган соҳангизнинг юлдузи бўлиб, юртингизни, турк дунёсини ва инсониятни олдинга олиб борасиз”, деган у ёшларга мурожаат қилиб.

Қолаверса, Қуртулмуш Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янги нуқтага чиқишига ишонч билдирган ва икки мамлакат муносабатларини яна бир бор тасдиқлаган.

“Қозоғистонда Аҳмад Яссавий ва Хивада Юсуф Ҳамадонийни ажратиб турувчи чегара йўқ. Қирғизистондаги маданий меросимизни, Ўзбекистондаги маданий меросимизни, Тожикистондаги маданий меросимизни ажратадиган масофа йўқ”, деган Нуман Қуртулмуш.

Маълумот учун, Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш бугун, 7 апрель куни Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Учрашув аввалида Туркия парламенти раиси давлатимиз раҳбарига Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Билдирилишича, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, муваффақиятли қўшма лойиҳа ва корхоналар сони, тўғридан-тўғри парвозлар кўпаймоқда. Икки давлат ва халқни яқинлаштиришга қаратилган муҳим маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга, Ўзбекистон-Туркия шериклигининг янги кун тартибини шакллантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштиришда, шунингдек, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлашда дўстлик гуруҳларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Бишкекдаги Туркий давлатлар ташкилоти 11-саммитида туркий давлатларнинг умумий алифбоси нақадар муҳимлигини айтганди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия алифбо Туркий миллатлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг