Туркий давлатлар футбол бўйича халқаро турнир ташкил қилмоқчи
Спорт
−
12:30 864 2 дақиқа
Туркияда туркий давлатлар ўртасида қўшма футбол турнири ташкил этиш бўйича ишлар бошланди. Бу ҳақда Адолат ва тараққиёт партияси (АК Партия) раис ўринбосари Куршад Зорлу маълум қилди.
Зорлу туркий дунё ёшлари учрашувида сўзга чиқиб, туркий давлатлар ёшларига қаратилган иккита муҳим лойиҳа ҳақида гапирган.
Унинг айтишича, Туркияда тўп сураётган туркий давлатлар вакилларини легионерлар эмас, балки турк футболчилари сифатида ҳисобга олиш масаласи устида иш олиб борилмоқда. Бу масала Туркия футбол федерацияси президенти билан ҳам муҳокама қилинган.
Зорлунинг айтишича, яна бир лойиҳа доирасида Туркия футбол федерацияси ҳар икки йилда бир марта барча туркий давлатлар иштирокида “Туркия кубоги” футбол мусобақасини ташкил этиши мумкин. Бу борадаги ишлар Ёшлар ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда бошланган.
“Худо хоҳласа, Туркия футбол федерацияси ҳар икки йилда бир марта “Туркия кубоги” номи остида барча туркий давлатлар учун қўшма футбол турнирини ташкил этади. Биз бу борадаги саъй-ҳаракатларни Ёшлар ва спорт вазирлигимиз билан биргаликда бошлаяпмиз”, дейди у.
Зорлунинг фикрича, ташаббус фақат футболчилар мақомини ўзгартириш билан чекланмайди. Лойиҳалар орқали 200 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган туркий дунё ҳудудида ёш истеъдодларни аниқлаш ва уларни ривожлантириш имконияти кенгаяди.
Унинг билдиришича, ёш футболчиларни ўз мамлакатларида тайёрлаш орқали миллий терма жамоаларнинг Европа чемпионати, жаҳон чемпионати ва бошқа халқаро мусобақалардаги натижаларини яхшилаш мақсад қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевларнинг Туркияда маҳаллий футболчи мақомини олиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь