Туризм соҳасида олий таълим 4 йилликдан 3 йилликка ўтказилади
Жамият
−
16 Июль
7197Туризм соҳасида олий таълим тўрт йилликдан уч йилликка ўтказилади. Бугун, 16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев шу каби таклифлар билан ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимотда танишди.
Маълумки, туризм соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш масаласи ҳам муҳим. Келаётган ўқув йилидан бошлаб, бу борада ҳам қатор янгиликлар мўлжалланмоқда. Масалан, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳасида ўқув дастурлари жаҳон рейтингида биринчи 100 таликка кирувчи таълим муассасаларининг тажрибаси асосида такомиллаштирилади. Бу соҳада олий таълим тўрт йилликдан уч йилликка ўтказилади. Талабаларга бир вақтнинг ўзида ихтисослиги бўйича ишлаб, касбий кўникмаларини бевосита иш жойларида ривожлантириш имконияти яратилади.
Билдирилишича, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Урганч давлат университетлари, Шарқшунослик, Жаҳон тиллари ва “Ипак йўли” олийгоҳларида гидларни тайёрлаш курслари ташкил этилади.
Бундан ташқари, салоҳияти юқори бўлган жойларда мастер-режалар асосида туризм масканлари барпо этилади. Бундай ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда республика бюджетидан 100 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, уларнинг ҳар бирига 50 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади.
Таъкидланишича, туризм соҳасидаги тадбиркорлар учун қатор енгилликлар ҳам назарда тутилмоқда. Улар орасида автобус ва микроавтобусларни божхона божидан озод этиш, туроператор ва ҳунармандларнинг халқаро ярмаркалардаги харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш, хорижий меҳмонлар иштирокида бизнес тадбирлар ташкил қилган тадбиркорларнинг фойда солиғи 50 фоизга камайтириш каби чоралар бор.
Мирзиёев Ўзбекистоннинг миллий туризм брендини яратиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунга мувофиқ, мақсадли бозорлар талабларидан келиб чиқиб, мамлакатдаги туризм турлари тўғрисида контентлар яратилади. Улар халқаро медиа ва ижтимоий платформалар, жаҳон спорт ва санъат тадбирларида тарғиб қилинади. Бунга аудиторияси катта бўлган хорижий журналист, блогер ва инфлюэнсерлар ҳам жалб қилинади.
Қайд этилишича, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида барча авиа, темир йўл ва автобус қатновлари ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишга туширилади. Авиа, темир йўл ва автобус чипталарини камида олти ой олдин савдога чиқариш тизими жорий қилинади. Умумхалқ байрамлари кунларида қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилади. Булар ҳақда мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб борилади.
Давлат раҳбари бу чора-тадбирлар бўйича ҳужжат ишлаб чиқиб, ижросини самарали ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди.