Турғуновга нега кам муддатли жазо берилди? Суд муносабат билдирди
Crime
−
18:53 3625 2 minutes
Аввалроқ, BMW билан йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган Дониёр Турғунов 2 йилдан ортиқроқ вақтга қамалгани ҳақида хабар берилган эди. Ижтимоий тармоқларда унга нисбатан тайинланган жазо турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, муҳокамаларда судланувчига енгил жазо берилганига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур ҳукм юзасидан Тошкент шаҳар судлари изоҳ берди.
Қайд этилишича, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларининг суд тартибида кўриб чиқилиши ва жазо тайинлаш масалалари қонунчиликда алоҳида тартибга солинган. Вояга етмаган Дониёр Турғуновга (жиноят содир этилган пайтда у 16 ёшга тўлмаган) тайинланган жазо ҳақидаги расмий ахборотда унга оид жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилгани, жазо ҳам Жиноят кодексининг 85-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш) тартибида тайинланганига урғу берилганининг сабаби ҳам шунда.
“Ўз навбатида, расмий ахборот биринчи инстанция суди ҳукми бўйича Тошкент шаҳар судининг нуқтаи назарини ифода этмаслиги ўз-ўзидан маълум. Таъкид этилганидек, ҳукмга нисбатан тарафларнинг шикоят бериш ҳуқуқи ва тартиби раислик этувчи томонидан тушунтирилган. Бу эса, тарафлардан шикоят тушса, иш юқори суд инстанциясида тегишли тартибда кўриб чиқилиши ва ҳуқуқий баҳо берилишини англатади”, дейилади хабарда.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент шаҳрида соат 21:46 да 2010 йилда туғилган вояга етмаган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW М4 русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқариб, Миробод тумани Миробод кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юборганди.
Кейинроқ, 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган ички ишлар органи ходими кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди. Ушбу ходимнинг оила аъзолари давлат муҳофазасига олиниши белгиланди.
Жорий йилнинг март ойида бошида инспекторни уриб кетган ўсмир Дониёр Турғунов қамоққа олингани маълум бўлди. Жиноят иши доирасида Турғунов Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилгани хабар қилинди.
Live
All