Тўра Боболов жиноий жавобгарликка тортиладими? Умурзоқов қандай топшириқ берди?
Жамият
−
28 Сентябрь 2022
15580Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурорига қўпол муомала қилгани, уни ҳақоратлагани ва ишига ноқонуний аралашгани исботланган. Ҳокимлик томонидан монтаж қилингани иддао қилинган ушбу аудио экспертиза натижаларига кўра Тўра Боболовга тегишли бўлиб чиққан. Бу ҳақда кеча, 27 сентябрь куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз борган.
Хусусан, Президент Администрацияси раиси Сурхондарё вилояти ҳокимига юзланиб, шундай деган:
“Тўра Абдиевич, сизнинг ўзингиз ҳам кўп туман ҳокимлари, сектор раҳбарларига ўрнак бўлмаяпсиз. Мен сизга бугун ҳамманинг олдида бу гапларни айтишга мажбурман. Интернетларда чиқиб кетган гапларни монтаж дедингиз, бошқа дедингиз, ҳаммасини топшириқ билан экспертиза қилинди. Ҳаммаси ўзингиз айтган гапларингиз ва ҳоказо. Бугун ҳурматли Президентимиз топшириқлари билан сизнинг иш ҳаққингизни 40% миқдорида жаримага тортиш чораси кўриш тўғрисида қарор қабул қилинди”.
Шунингдек, йиғилишда, Умурзоқов Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоевга юзланиб, эртагаёқ вилоятга бориб, тартибот ўтказишни, керак бўлса жиноий жавобгарликка тортиш кераклигини айтган. Бироқ, у айнан кимни жиноий жавобгарликка тортиш кераклигига аниқлик киритмаган.
“Қаҳрамон Қўчқорович, сизга топшириқ, эртагаёқ гуруҳ тузасизлар, ўзингиз бош бўласиз. Умуман аҳвол яхши эмас, тартибга солиш керак, керак бўлса, жиноий жавобгарликка тортиш керак. Ҳамма бор нарсани кўтариб, оқни-оқ, қорани-қора қилиб, тартиб ўрнатиб, ким айбдор бўлса, ҳамма айбдорларни жиноий жавобгарликка чиқариш керак. Буни Бош прокуратура таъминлаб беради. Ўзингиз холис баҳо бериб, қайтиб келасиз, бир ҳафтада менга ахборот берасиз, ҳурматли Президентимизга ахборот киритамиз”, деган Умурзоқов.
Сўконғич Боболов
Август ойи ўрталарида ижтимоий тармоқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга оид, деб айтилаётган ҳақоратлар ва сўкинишларга тўла аудиоёзувдан ларзага келди. Тўра Боболов ва Ангор тумани прокурори ўртасидаги телефон орқали суҳбат ёзиб олингани айтилмоқда.
Аудиодан англашилишича, прокурор давлат бюджетини талон-торож қилишда гумонланган ташкилот ходим ёки раҳбарларини сўроқ қилиш учун терговга жалб қилган. Гўшак орқали унга ҳолат бўйича қайта текширув ўтказиш ҳақида буйруқ берилган. Прокурор эса буни писанд қилмаган. Ана ундан кейин кўринг томошани. Итараман, тиқиб юбораман, кет, сен мени совунимга кир ювмабсан... Ҳокимбуванинг оғзидан чиққанларни эшитган бўлсангиз керак. Ушбу аудиоёзув бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати оқлов хабарномасини эълон қилди. Айтилишича, ушбу овоз йиғилишда ёзиб олинган.
“Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган.
Агар ушбу йиғилиш жараёнидан кесиб олиниб монтаж қилинган ва турлича талқин этилаётган аудиоматериалдаги ҳолатлар ўрганиш натижасида қонунга хилоф деб топилса, қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига тайёрлигимизни маълум қиламиз”, дейилади муносабатда. Нима? Нима деяпсизлар? Нега унда ҳоким гапни орасида трубкани бер дейди? Ё Сурхондарёда мажлислар телефонда ўтказиладими?
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ортидан Бош прокуратура тарқалган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар бўйича ўрганиш бошлаганини эълон қилди.