Тунги клубда жанжал
3-саҳифа
−
17 Март
7403Тошкентдаги тунги клублардан бирида даҳшатли жанжал содир бўлди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 16 март куни тунги соат 02:30 ларда Яккасарой туманида жойлашган ресторанлардан бирида мижоз сифатида келган 1995 йилда туғилган эркак 1985 йилда туғилган таниши билан ўрталарида келиб чиққан низо сабабли ўзаро жанжаллашган. 1990 йилда туғилган шахс уларни ажратишга ҳаракат қилган вақтида бири уни уриб тан жароҳати етказган.
Оқибатда тан жароҳати олган эркак “бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш” ташхиси билан шифохонага олиб борилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этаётгани айтилган.
“Тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади ИИББ ахборотида.
Ижтимоий тармоқларда жароҳат олган йигитни таниганлар у бир неча соатлик операцияни бошдан ўтказганини ёзмоқда.
“Йигит ҳодиса оқибатида бош суягининг синиши, мия шиши, мия қон кетиши, чап томонда чакка суягининг чизиқли синиши, ўнгда париэтал суякнинг синиши жароҳатини олган. Фавқулодда 5 соатлик операция ўтказилди, шундан сўнг у сунъий комага туширилди. Унинг ҳаёти хавф остида!”, деб ёзмоқда тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Ёзилишича, жароҳат олган эркакнинг икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Уни таниганлар, айбдор жазосини олиши, жавобгарликдан қутулиб қолмаслиги керак, деб ёзмоқда.
Бу тунги клубларда содир бўлган биринчи ҳолат эмас, бундан бир неча кун олдин Фарғонадаги клубда ҳам шунга ўхшаган воқеа содир бўлганди.
Жанжал 21 февраль куни Фарғона шаҳар Офтоб кўчасида жойлашган “Верона” номли компьютер ўйинлар клубида содир бўлган. Ўшанда клуб ходимларини уриб тан жароҳати етказган йигит фарғоналик тадбиркорнинг ўғли экани айтилганди. Йигит жанжал давомида ўзини Отабек Валломов деб таништирган ва керак бўлса, клубни сотиб олишини айтган.
Фарғона вилоят ИИБ берган маълумотларга кўра, 1998 йилда туғилган, Фарғона шаҳрида яшовчи Отабек Бахтиёржон ўғли Валломов 21 февраль куни танишлари билан бир гуруҳ бўлиб, мазкур ўйингоҳда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойида бақир-чақир қилиб, жамоа тартибини ва мижозларнинг тинчлигини бузиб, шовқин солган.
Клуб иш юритувчиси уларни тартибга чақирган пайтда жанжал чиқариб, унинг танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Бундан ташқари, Отабек Валломов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, жанжалнинг олдини олишга уринган ходимни уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Отабек Бахтиёржон ўғли Валломов ҳамда унинг беш нафар шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси(Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “б”, “е”, “к” бандлари ҳамда 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ёдингизда бўлса, эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев билан ҳам шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлган эди. Спортчи 2018 йил 8 август куни Тошкент шаҳридаги “Аурум-898” тунги клубида қўриқчилар билан юзага келган жанжал оқибатида пичоқлаб ўлдирилган. Мазкур ҳодиса жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлганди ўшанда.
Суд ҳукми билан судланувчи Шодали Қиличов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган, бошқа судланувчилар Саидазим Камолиддинов, Алижон Ҳамроев ва Жаҳонгир Ёрқулов ҳар бири 5 йилдан озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, суд Жамшид Кенжаевнинг оиласига маънавий зарар учун 300 миллион сўм тўланишини белгилаган. Суд вақтида спортчининг отаси фарзандини ўлимига сабаб бўлганлар умрбод қамоққа ҳукм қилинишини сўраганди.
“Ётган одамга ёрдам беришга ҳеч кимни яқинлаштиришмай, атрофини ўраб туришибди. Буни видеотасвирда кўриш мумкин. Болам бечора ўша ерда 45-48 дақиқа ётган. Салкам бир соат ётган ўша жойда”, дейди Кенжаевнинг отаси журналистлар билан мулоқотда.
Спортдаги яхши натижалар қайд этган ЙТҲ оқибатида вафот этган Мурод Хонтўраев билан ҳам шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлгани ёдингизда бўлса керак.
2018 йил 9 июнь куни Тошкент шаҳридаги ресторанлардан бирида Мурод Хонтўраев пичоқлаб кетилганди. У шифохонага ётқизилган ва жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилган. Лекин Хонтўраев мардлик кўрсатиб, ушбу жиноят бўйича даъво аризаси бермаган ва суддан жазони енгиллаштирилишини сўраганди.
Тунги клублар, кечаси билан ишлайдиган ресторанларда бу каби ҳолатлар кўп учрайди. 2024 йили Ўзбекистондаги судларда 61 481 та жиноий иш кўриб чиқилган ва биринчи инстанция судларида энг кўп кўрилган жиноят ишлари Тошкент шаҳрида қайд этилган. Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан 3 223 киши қамалган. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш деб анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар безорилик деб баҳоланади. Қамалганларнинг қанчаси айнан тунги клуб, ё ресторанлардан чиққан жанжалда жиноятчига айлангани маълум эмас.
LiveБарчаси
Эронда қуролли кучлар паради ўтказилди.
18 Апрель