Тўқаев Эрдўғанга ҳамдардлик билдирди
Олам
−
14:02
1005Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик телеграммасини йўллади. Бу ҳақда Оқорда матбуот хизмати хабар берди.
Тўқаев Болу вилоятида жойлашган Карталкая тоғ-чанғи марказида юз берган ёнғин оқибатида кўплаб қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида хабарни чуқур қайғу билан қабул қилган. Президент Қозоғистон халқи ва шахсан ўзи номидан Эрдўғанга, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва бутун қардош турк халқига чуқур ҳамдардлик билдирди, шунингдек, барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Маълумот учун, кеча, 21 январга ўтар кечаси Туркиянинг Болу вилояти Карталкая тоғ курортидаги меҳмонхонада ёнғин юз берган ва оқибатда камида 6 киши ҳалок бўлди, 31 киши яраланди. Кейинроқ ҳалок бўлганлар сони 66 кишига, жароҳатланганлар эса 51 кишига етганди. Ҳодиса юзасидан тергов бошланган ва 4 киши, жумладан, меҳмонхона эгаси ҳам қўлга олинган. Бугун, 22 январь куни ҳалок бўлганлар сони 76 кишига, ҳодиса ортидан ҳибсга олинганлар 9 кишига етди. Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик йўллаганди.