Тўқаевга суиқасд қилишмоқчимиди? Президент маршрути бўйлаб қурол-яроғ омбори топилди
Олам
−
28 Сентябрь
13510Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кортежининг Туркистон вилоятидаги йўналишини текшириш чоғида Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ўқотар қуроллар омбори топилди. Бу ҳақда кеча, 27 сентябрь куни мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Қўшимча маълумотлар тергов манфаати учун ошкор этилмаган.
Тўқаев кеча, 27 сентябрь куни Туркистон вилоятига хизмат сафари билан борди. Президент вилоятга сафарини Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Шунингдек, у таълим, маданият, спорт иншоотлари ва саноат корхоналарига ташриф буюриши, инвестиция лойиҳалари билан танишиши режалаштирилган.
Президент Тўқаев кортежида ким бўлгани ҳақида маълумот берилмаган. Бироқ Оқўрданинг давлат раҳбарининг ташрифи ҳақидаги видеосига қараганда, у билан Туркистон вилоятида Бош вазир ўринбосарлари Тамара Дуйсенова, Роман Скляр, Президент Админстрацияси ходимлари ва бир қатор вазирлар бўлган.
Айрим маҳаллий нашрларнинг ёзишича, топилган арсеналда телескопик кўришга эга милтиқ, карабин ва ўқ-дорилар захираси мавжуд бўлган. Қуроллар январь воқеаларига алоқадор экани аниқланган.
Асосий версиялардан бири шундаки, бу қурол Президент кортежига суиқасд уюштириш учун тайёрланган. Манбаларга кўра, ҳозирда гумонланувчилар доирасини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг кортежи автоҳалокатга учраганди, оқибатда хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлганди. Туркия жануби-шарқидаги Ширнак вилоятида содир бўлган автоҳалокатда бир полициячи ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган, улардан икки нафари полициячи.
Июнь ойида эса Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Германияга футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионатини томоша қилиш учун борганида унинг кортежи ҳам автоҳалокат содир этганди. Оқибатда икки давлат хизматчиси оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилган, 61 ёшли германиялик полициячи вафот этганди.
Шунингдек, Мексика Президенти кортежи ҳалокатга учраб, бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Президент маъмурияти ҳам, тегишли идоралар ҳам ҳалокат нимадан келиб чиққани ҳақида маълумот бермаган. Президент хавфсизлик хизмати давлат раҳбарига эҳтимолий суиқасд юзасидан ходимларни текширишини билдирган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь