Тўқаевга самолёт қулаши юзасидан ҳисобот берилди
Олам
−
25 Декабрь
9782Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов айни пайтда МДҲ давлатларининг норасмий саммити муносабати билан Россияда бўлиб турган мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Ақтау шаҳрида юз берган авиаҳалокат ва унга оид олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати томонидан эълон қилинган хабарга кўра, ҳодиса жойида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун барча чоралар кўрилган. Фавқулодда вазиятлар хизматининг 430 дан ортиқ ходими ва 80 га яқин техник воситаси жалб этилган. 29 нафар жабрланган шахс шифохонага ётқизилган. Уларга тиббий, психологик ва бошқа зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Фавқулодда қутқарув ишлари давом этмоқда. Озарбайжон ҳукумати билан ҳамкорликда хорижий фуқароларга ва ҳалок бўлган йўловчиларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатилмоқда.
Билдирилишича, Қозоғистон Президенти жабрланган фуқаролар билан ишлашни алоҳида назоратга олиш ва қўшни давлатлар ҳукуматларига зарур ёрдамни тақдим этишни топширган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон авиакомпаниясининг Баку-Грозний рейси бўйича учаётган самолёти Қозоғистонда ҳалокатга учрагани хабар қилинганди.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ушбу авиаҳалокат муносабати билан МДҲнинг норасмий саммитида қатнашмай Бакуга қайтди. Россия Президенти Владимир Путин эса ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, барча жабрланганларга тезроқ шифо топишини тилаган. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Илҳом Алиев ва Владимир Путинга Қозоғистоннинг самолёт ҳалокатга учрагани оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик йўллаган.
LiveБарчаси