Мирзиёев Алиев ва Путинга ҳамдардлик йўллади
Жамият
−
25 Декабрь
4820Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 25 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида "Озарбайжон ҳаво йўллари"нинг йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Давлат раҳбари барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон авиакомпаниясининг Баку-Грозний рейси бўйича учаётган самолёти Қозоғистонда ҳалокатга учрагани хабар қилинган эди. Маълумотларга кўра, қулаган самолёт бортида 67 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси бўлган. Қозоғистон ФВВга кўра, 32 нафар йўловчи омон қолган ва улар шифохонага етказилган. Самолёт йўловчиларидан 37 киши Озарбайжон, 16 киши Россия, 6 киши Қозоғистон ва 3 киши Қирғизистон фуқароси бўлган. Омон қолганлар орасида 14 нафар Озарбайжон фуқароси, 10 нафар Россия фуқароси, 2 нафар Қирғизистон фуқароси бор. Уч нафар жароҳатланган шахснинг фуқаролиги ҳозирча аниқланмаган. Самолёт қушлар галаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида руль бошқаруви йўқолган ва Атрау шаҳри аэропортига фавқулодда қўниши зарур бўлган.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ушбу авиаҳалокат муносабати билан МДҲнинг норасмий саммитидан Бакуга қайтишини маълум қилди. Россия Президенти Владимир Путин эса ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, барча жабрланганларга тезроқ шифо топишини тилаган.
LiveБарчаси