Тўқаев Украинада кескинлашган вазият сабабли шошилинч топшириқ берди
Олам
−
22 Ноябрь
13583Қозоғистон Президенти Украинадаги уруш кучайгани муносабати билан қўл остидагиларга шошилинч топшириқ берди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши сабабли мамлакат Бош вазирига, Президент Администрацияси, куч тузилмаларининг раҳбарларига ва барча ҳокимларга асосий ҳарбий ва фуқаролик объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича шошилинч чоралар кўришни топширган.
“Парламент палаталари раислари қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳақида хабардор қилинди. Президент мамлакатдаги вазиятни ўз назоратига олди. Бизнинг давлатимиз учун асосий стратегик мақсад – барқарорликни, тинчликни, қонун устуворлигини ва тартибни сақлашдир. Қозоғистон бир неча бор икки славян халқи ўртасидаги низони музокаралар орқали ҳал қилиш кераклигини таъкидлаган эди”, дейди Президент матбуот котиби Берик Уали ўзининг Facebook саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 ноябрь куни эрталаб Россия қўшинлари Украинага баллистик, аэробаллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилганди. Қитъалараро баллистик ракета Россиянинг Астрахан вилоятидан, X-47M2 “Kinjal” аэробаллистик ракетаси Тамбов вилоятидан, Х-101 қанотли ракеталари Волгоград вилоятидан учирилган.
Мамлакат президенти Путин Украинага баллистик ракета билан зарба берилганини тасдиқлаган. У Россия ўзини мамлакат ҳудудига қарата қурол ишлатаётган давлатларнинг ҳарбий объектларига қарши қурол ишлатишга ҳақли деб ҳисоблашини айтган.
LiveБарчаси