Тўқаев КХШТ контингенти қачон Қозоғистондан чиқиб кетишини айтди

Олам

image

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 11 январь куни парламентда йўллаган видеомурожаатида Коллевтик хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларнинг ҳарбий кучлари қачон мамлакатни тарк этишига аниқлик киритди. Тўқаевга кўра КХШТ контингентини Қозоғистондан олиб чиқиш икки кундан кейин бошланади. 

“Қозоғистоннинг барча ҳудудларида вазият барқарор, КХШТнинг асосий миссияси якунланди”, дейди у нутқида.

Маълумки, жорий йилнинг 6 январь куни Қосим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини ўтказиб, мамлакатда бошланган намойишлар ортидан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўраган эди. У ушбу қарорини шундай изоҳлайди. 

“КХШТ контингентини киритиш тўғрисида қарор қабул қилмаганизда, биз Олма-ота устидан назоратни бутунлай йўқотишимиз мумкин эди”, дейди Тўқаев. 

Маълумот ўрнида, Қозоғистоннинг чақируви ортидан ташкилотда асосий ташаббускор бўлган Россия Қозоғистонга нақ 3 минг нафар ҳарбий киритди. 

28 йилдан буён Александр Лукашенко бошқарувида бўлган Беларуснинг чекига эса 500 нафар ҳарбий киритиш тушди. 

Воқеаларни жим кузатиб келаётган Тожикистон эса ушбу намойишларни бостириш жараёнида 200 аскари билан КХШТ номидан иштирок этди. 

Қирғизистон эса Қозоғистонга 150 нафарлик ҳарбий ёрдам берди. 

Қорабоғ урушида ўзи ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўрагану лекин умиди сўнган, Қозоғистондаги намойишлар бошланган илк кунданоқ ҳали Владимир Путин, ҳали Тўқаев билан мулоқот қилиб бораётган Бош вазир Никол Пашинян Қозоғистонга бор-йўғи 100 нафар арман аскарини киритди. 


Мақола муаллифи

Теглар

КХШТ Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

381

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг