Тўқаев қозоғистонликларга “Одобнома”дан “дарс ўтди”

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда янги хулқ-атвор кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриб, фуқароларни анъанавий одоб-ахлоқ меъёрларига қайтишга чақирди. Бу ҳақда Тўқаев “Қозоғистон ҳақиқати” мухбирига берган интервьюсида сўз очган.

Қайд этилишича, Президент ёшлар ва катта ёшдагиларнинг муомаласини кузатиб, жамиятда миллий анъаналарга кўпроқ эътибор бериш зарур деган хулосага келганини айтган. Унинг айтишича, эркакларнинг бир-бирини қучоқлаши ва ўпиши, шунингдек, эркак ва аёлларнинг бундай саломлашиши қозоқ анъаналарига хос эмас.

Тўқаев ҳарбийлар ва генераллар ўртасида саломлашишда қўл бериб кўришиш, табассум қилиш ёки ўнг қўлни кўксига қўйиш каби одобларни маъқулроқ деб ҳисоблашини билдирган.

“Эркаклар бир-бирига қўл узатиб, маҳкам қўл сиқиши керак. Қўлни илиқ котлет ёки новда узатгандек эмас, балки табассум билан саломлашиш лозим”, деган Тўқаев.

Унинг сўзларига кўра, ташаббус фақат саломлашиш маданиятини ўзгартириш билан чекланмайди. Шунингдек, Президент янги хулқ-атвор кодекси орқали жамиятда тозалик, тартиб ва ўзаро ҳурмат маданиятини шакллантириш зарурлигини таъкидлаган.

Тўқаев бу жараённи “Тоза Қозоғистон” акцияси ва шаҳарларни ободонлаштириш ишлари билан ҳам боғлаган. У “тоза” тушунчаси нафақат атроф-муҳит, балки инсоннинг нияти ва қалби поклигини ҳам англатиши кераклигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Ташқи сиёсат концепциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Ҳужжатда бир қатор таърифлар янгиланган, хусусан, концепциядан биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг номи чиқариб ташланганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг