Тўқаев Францияни ЕИдаги “энг ишончли ҳамкор” деб атади
Олам
−
01 Ноябрь 2023
2683Франция Қозоғистоннинг муҳим савдо ҳамкори ва Остона бу мамлакат билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 1 ноябрь куни Остонада Франция Президенти Эммануэль Макрон билан икки давлат расмий делегациялари иштирокида ўтган кенгайтирилган музокаралар чоғида сўз очди.
Қозоғистон Президенти Франция раҳбарининг Остонага илк ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожига кучли туртки ва кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини беришини айтган.
“Франция Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ва ишончли ҳамкоридир. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, 4 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг саккиз ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ошиб, 2,7 миллиард долларни ташкил этди”, дейди Президент.
Тўқаевнинг маълум қилишича, Франция Қозоғистон иқтисодиётига қарийб 18,7 миллиард доллар сармоя киритган. Энергетика, қурилиш, аэрокосмик, фармацевтика, тоғ-кон ва кимё саноати, машинасозлик каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари Франция Президентининг ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлаб, Қозоғистон икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини тасдиқлаган.
Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, жумладан, яшил энергия, логистика, транзит, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш ва таълим соҳаларини ҳам белгилаб олган.
Қозоғистон раҳбари ўз нутқида маданий алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, Қозоғистонда француз маданияти ва тилини кенг тарғиб этиш зарурлигини билдирган.
Ўз навбатида Эммануэль Макрон мамлакатлар Стратегик шериклик тўғрисидаги битимнинг 15 йиллигини нишонлаётганини қайд этиб, Франция томонларни қизиқтирган турли соҳаларда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини тасдиқлаган.
“Ўйлайманки, иқтисодий алоқаларимиз, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қайта тикланадиган энергетика соҳаларидаги муносабатларимизга янги суръат берилади. Биз мавжуд лойиҳаларга ҳам, янги ташаббусларга ҳам инвестицияларни қўллаб-қувватлаймиз. Бундан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорлигимиз жадал ривожланмоқда. Таълим ва фан соҳаларида аниқ келишувларга эришилди. Қозоғистон-француз университети ўз фаолиятини 2024 йил сентябрь ойида бошлашни режалаштирмоқда”, деган Франция Президенти.
Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари минтақавий ва глобал кун тартибининг асосий масалалари бўйича ижобий ва барқарор ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, халқаро ташкилотлар орқали мулоқотни чуқурлаштириш зарурлигини урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, Франция Президенти Эммануэль Макрон бугун, 1 ноябрь куни Қозоғистонга ташрифини якунлаб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ўзбекистонга ташрифни амалга оширади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларда Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади.
Ўзбекистон ва Франция раҳбарлари икки мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари иштирокидаги қўшма бизнес форуми ишида ҳам иштирок этадилар.
LiveБарчаси