Тўқаев араб давлатлари етакчиларини қўллаб-қувватлади
Олам
−
02 Март 3164 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Қатар, Баҳрайн ва Қувайт давлатлари раҳбарларига самимий қўллаб-қувватлаш ва мазкур давлат халқлари билан бирдамлигини билдириб, шахсий мактуб йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Ойбек Смадияров маълум қилди.
Қайд этлиишича, Тўқаев Қозоғистон учун дўст ва биродар давлатларнинг суверенитети ва хавфсизлигини заифлаштиришга қаратилган барча ҳарбий ҳаракатларни қатъиян қоралаган.
“Бизнинг мамлакатимиз мураккаб халқаро муаммолар ва қуролли можароларни фақат дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш тарафдори”, дейилган Президент хатида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Яқин Шарқдаги вазият туфайли Бирлашган Араб Амирликлари халқига ҳамдардлик билдирганди.
Қайд этиш жоиз, бунгача Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият туфайли Қатар, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари халқига ҳамдардлик билдирган ҳамда Уммон султонлигини ва Иорданияни қўллаб-қувватлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва АҚШнинг Эронга зарбалари жорий йилнинг 28 февраль куни эрталаб бошланди. Ҳужумлар давомида Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилган – унинг жасади Теҳрондаги қароргоҳи вайроналари остидан олиб чиқилган. Шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбари Муҳаммад Пакпур ва Мудофаа вазири Амир Насирзода ҳам ҳалок бўлган.