Исроил Эрон Қуролли кучлар раҳбари ва Мудофаа вазирини ҳам йўқ қилди
Олам
−
01 Март 6939 3 дақиқа
АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида бир нечта юқори мартабали ҳарбий ва сиёсий раҳбарлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда IRIB хабар берди.
Унга кўра, Абдураҳим Мусавий – Эрон Қуролли кучлари бош штаби раҳбари ҳамда Азиз Носирзода – Мудофаа вазири зарба берилган жойда бўлиб ўтган йиғилиш пайтида вафот этган.
Шунингдек, Муҳаммад Пакпур – Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ва Али Шамҳани – Олий қўмондон маслаҳатчиси ҳам ҳалок бўлган.
Қолаверса, етакчи Али Хоманаий ҳам ҳужум оқибатида вафот этган. Унинг ўлимидан сўнг Эрон ҳукумати 40 кунлик мотам эълон қилган ва 7 кунлик давлат дам олиш кунларини жорий этган.
Ҳужум оқибатида Хоманаийнинг оила аъзоларидан қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси