Трампнинг рейтинги эълон қилинди. Энди ундан ишонганлари ҳам юз ўгиряптими?
World
−
09:05 2200 2 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг фаолиятини маъқуллаш даражаси рекорд даражадаги энг паст кўрсаткич, яъни 32 фоизга тушди. Сўровномаларда 2024 йилда Трампни қўллаб-қувватлаган айрим сайловчилар, жумладан латинолар жамоаси орасида ҳам унинг рейтинги пасайгани кўрсатилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, Reuters/Ipsos томонидан ўтказилган сўровда Трампнинг мустақил сайловчилар ва 2024 йилги сайловда унга овоз берган латино сайловчилар орасидаги қўллаб-қувватлови ҳам камайгани аниқланган. Нашрга кўра, АҚШ Конгресси устидан назоратни белгилайдиган оралиқ сайловларга бир ой қолган бир пайтда бу ҳолат Республикачилар партияси учун жиддий муаммога айланиши мумкин.
Трамп эса рейтинги пасайгани ҳақидаги саволларга бошқача муносабат билдирган. У кеча, 5 октябрь куни Небраска штатига учишидан олдин журналистнинг латино сайловчилар орасида қўллаб-қувватлови камайгани ҳақидаги саволига “Мен жуда яхши ишлаяпман”, деб жавоб берган.
Бироқ NBC News/Telemundo томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, латино сайловчиларнинг 59 фоизи Конгресс устидан Демократлар партияси назоратини хоҳлайди. Бу кўрсаткич икки йил аввалгидан икки баравар кўп. Сўровда испан тилида сўзлашувчи америкаликларнинг атиги 24 фоизи Трамп фаолиятини маъқуллаган.
Нашрнинг қайд этишича, Трамп сўнгги кунларда мамлакат бўйлаб Республикачилар партияси номзодлари учун сайловолди кампаниясида қатнашган. Бироқ ҳатто консерватив штатларда ҳам унинг қўллаб-қувватлови пасая бошлаган. Айрим республикачилар эса маҳаллий сайловчилар қўлловини сақлаб қолиш мақсадида иммиграция каби масалаларда Трампдан узоқлаша бошлаган.
Америкаликларнинг иқтисодиёт, Эрон билан уруш ва маъмурият фаолияти билан боғлиқ бошқа муҳим масалалардан норозилиги ортиб бораётгани айтилмоқда. Нашрга кўра, бу салбий кайфиятлар келгусидаги сайловларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трампнинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи америкаликлар улуши рекорд даражада пасайиб, 33 фоизни ташкил этганди. Республикачилар орасида ҳам унинг қўллаб-қувватлаш даражаси 72 фоизга тушганди.