Трампнинг одами Ғазога борди
Олам
−
01 Август 4216 2 дақиқа
Бугун, 1 август куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Ғазо секторига ташриф буюриб, ёрдам тақсимланадиган пунктларни кўздан кечирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Унинг сафаридан мақсад – Ғазодаги озиқ-овқат инқирози фонида АҚШ томонидан ишлаб чиқилаётган ёрдам режасини аниқлаштириш эди. Уиткофф Рафаҳ шаҳрида жойлашган тарқатиш марказига борган. Бу ташриф Ғазога ҳозиргача бўлган энг йирик ҳаво орқали гуманитар ёрдам етказилган кунга тўғри келган. Ёрдам БАА, Иордания, Германия, Испания, Бельгия, Франция ва Баҳрайн томонидан юборилган.
Оқ уйнинг билдиришича, махсус вакил пунктларнинг ҳолатини ўрганиб, озиқ-овқат ҳажмини ошириш зарурлигини айтган. Трамп эса ушбу ташриф асосида Ғазога ёрдам кўрсатиш бўйича якуний қарор қабул қилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу ташриф айнан ҲАМАС томонидан 2023 йил 7 октябрда амалга оширилган ҳужумда гаровга олинган исроилликлар бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолган вақтда амалга оширилди. ҲАМАС гуруҳининг айтишича, улар музокара қилишдан бош тортган, токи Ғазода озиқ-овқат инқирози тугамагунча. Исроил эса ҳарбий ҳаракатларни янада кучайтириш билан таҳдид қилмоқда.
Уиткоффнинг ташрифи АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби билан амалга оширилган.
Гуманитар ёрдам Ғазодаги GHF (Gaza Humanitarian Fund) томонидан бошқарилмоқда, у АҚШ ва Исроил томонидан назорат қилинади. Ушбу фонд ва унинг фаолияти БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар томонидан танқид остига олинган. БМТ маълумотларига кўра, жорий йилнинг май ойи охиридан буён ёрдам олиш жараёнида камида 1373 фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг 859 нафари GHF пунктлари яқинида, Исроил ва АҚШ ҳарбийлари қўриқловида бўлган жойларда ҳалок бўлган.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 7 октябрида ҲАМАС гуруҳи Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирган эди. Бу ҳужумдан сўнг Исроил ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Бу уруш баҳонасида Ғазо секторида олиб борилган бомбардимонлар ва қуруқликдаги операциялар оқибатида 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 130 мингдан кўпроқ киши яраланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп “Axios” нашрига Ғазо секторида очарчиликка қарши курашиш бўйича режа устида ишлаётганини маълум қилганди. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Ғазога ёрдам бериш ниятида ва мамлакат расмийлари сектордагиларнинг озиқ-овқат олишини хоҳлайди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь