Трампнинг НАТО мудофаа харажатлари ҳақидаги таклифи Венгрияни ўлдиради – Орбан
Олам
−
21 Декабрь
4785АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг НАТО мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача ошириш таклифи Венгрия учун ҳалокатли бўлади. Бу ҳақда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Будапештда йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаб берди.
Кеча, 20 декабрь куни Британиянинг "Financial Times" газетаси Трамп ўз вакиллари орқали баъзи европалик иттифоқчиларни мудофаа харажатларини 5 фоизгача оширишни талаб қилиш нияти ҳақида хабардор қилгани ҳақида хабар берганди.
Журналистлар илтимосига биноан ушбу маълумотни шарҳлар экан, Орбан Венгрия учун бундай ривожланиш "ўпкага ўқ узиш" билан баробар бўлишини огоҳлантирди.
Бош вазир 9 декабрь куни Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго мулкида бўлиб ўтган учрашувда бу масала кўтарилмаганини таъкидлади.
"Аммо, агар у кун тартибига қўйилса, мен бунга ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлганлар лагерида бўламан", деб тан олди Орбан.
Унинг сўзларига кўра, мудофаа харажатларининг ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизигача ўсишига Венгрия "тер ва қон билан" эришган.
Маълумот учун, НАТОга аъзо 32 давлатдан атиги 23 таси ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини ҳарбий эҳтиёжларга сарфлайди. Ушбу харажатларни 5% га ошириш уларни икки баробардан кўпроққа кўтаради. Қўшма Штатлар бу мавзуни 2025 йил июнь ойида Гаагада бўлиб ўтадиган Шимолий Атлантика альянси саммитида муҳокама қилмоқчи.