Трампга қарши тўртинчи жиноий иш қўзғатилди

Олам

image

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга қарши тўртинчи жиноий иш қўзғатилди. Жоржиядаги катта ҳакамлар ҳайъати унга нисбатан 2020 йилги сайловлардаги мағлубиятини бекор қилишга уриниш бўйича кенг қамровли айблов эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Кеча, 14 август куни кечқурун Фултон округи прокурори Фани Уиллис томонидан қўйилган айбловлар 2024 йилги президентлик сайловлари учун Республикачилар партиясидан номзод бўлиш учун курашда етакчи бўлган Трамп олдида турган ҳуқуқий муаммолар рўйхатига қўшилди.
98 варақдан иборат айблов хулосасида 19 та айбланувчи ва жами 41 та жиноий ҳолат қайд этилган. Айбланувчиларнинг барчаси уюшган жиноий гуруҳлар аъзоларини нишонга олишда қўлланиладиган ва 20 йилгача қамоқ жазосини назарда тутувчи рэкетликда айбланган.

Айбланганлар орасида Оқ уй аппаратининг собиқ раҳбари Марк Медоуз, Трампнинг адвокатлари Руди Жулиани ва Жон Истман ҳам бор.

“Айбланувчилар Жоржиядаги сайловлар бўйича суд жараёнига риоя қилиш ўрнига, штатдаги президентлик сайлови натижаларини бекор қилиш учун жиноий, рэкетлик билан шуғулланган”, дейди Уиллис матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, Трамп ва бошқа айбланувчилар 25 август куни тушдан кейинга қадар ўз ихтиёри билан таслим бўлишлари керак. У барча 19 айбланувчини биргаликда суд қилиш ниятида эканлигини айтган.

“Ушбу бир томонлама катта ҳакамлар ҳайъати тақдимоти ўз шахсий ва сиёсий манфаатларини ҳимоя қиладиган гувоҳларга таянди”, дейди Трамп адвокатлари Дрю Финдлинг, Женнифер Литтл ва Марисса Голдберг бу ҳақдаги баёнотида.

Айтилишича, 2021 йил 2 январдаги телефон қўнғироғида Трамп Жоржия сайловолди расмийси Брэд Раффенспергерни штатдаги тор йўқотишларини бартараф этиш учун етарлича овозларни “топишга” чақирган. Раффенспергер бундан бош тортди.

Трампнинг тарафдорлари қонунчиларга Байденнинг ғалабасини тасдиқлашига тўсқинлик қилишга уриниб, тўрт кундан сўнг АҚШ Капитолийсига бостириб кирган.

Айблов хулосасида Трамп ёки унинг шериклари 2020 йил 3 ноябрдаги сайлов олдидан 2022 йил сентябригача содир этгани айтилаётган бир қатор жиноятлар, жумладан, қонунчиларга сайловларда фирибгарлик содир бўлганлиги ҳақида ёлғон гувоҳлик беришлари ва штат амалдорларини натижаларни ўзгартиришга чақиришлари келтирилган.

Унда айтилишича, айбланувчилар овоз берувчиларнинг сохта жадвалларини тақдим этиш орқали АҚШдаги сайлов жараёнини бузишга уринган.

Трампнинг ўзи эса унга қўйилган айбловлар сохталаштирилгани, бу атайин унинг сиёсий кампаниясини бузишга қаратилганини айтган.

"Бугун судьялар ҳайъати овоз беришидан анча олдин эълон қилинган айблов ҳужжатларига келсак, улар тезда интернетдан олиб ташланди, бу менга сохталаштирилгандек туюлади. Нега улар 2,5 йил олдин айблов қўйишмаган? Чунки улар буни сиёсий кампания ўртасида амалга оширмоқчи бўлишган. Жодугар ови!" деб ёзган сиёсатчи Truth Social ижтимоий тармоғида.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дональд Трамп устидан махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш ва “Trump Organization” ташкилотининг биринчи даражали молиявий ҳисоботларини сохталаштиришда айбланганди. Жорий йилнинг 3 август куни  эса Трампга Вашингтондаги Колумбия округи федерал суди йиғилишида 2020 йилги сайловларда мағлуб бўлганига қарамай, ҳокимиятда қолишга уринганлиги ҳақидаги расмий айблов ўқиб эшиттирилди. Собиқ президент АҚШга қарши фитна, ўзи ва унинг тарафдорлари овозларини бекор қилишга уринган сайловчиларни алдаш каби тўртта моддада айбланган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг