Трампга қарши ишда иккинчи аёл пайдо бўлди
Олам
−
05 Апрель 2023
15568АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга қарши суд иши асосан порно актриса Сторми Дэниелсга қилинган тўловга қаратилган эди. Бироқ кеча, 4 апрель куни прокурор бошқа аёлни ҳам тилга олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ҳужжатларга кўра, Трамп номидан Карен Макдугалга ҳам тўлов қилинган. У “Playboy” журналининг модели бўлиб ишлаган ва Сторми Дэниелс сингари Трамп билан ишқий муносабатда бўлганини даъво қилган.
Карен Макдугал Индиана штатининг Гэри шаҳрида туғилган, болалигида Мичиганга кўчиб ўтган. У биринчи марта 20 ёшларида сузиш кийимлари мусобақаларида моделлик қилишни бошлаган. Кейинчалик Макдугал “Playboy”га қўшилган, 1998 йилда журналда муаффақият қозона бошлаган. Шунингдек, у фитнес-модель сифатида ҳам ишлаган ва 1999 йилда “Men’s Fitness” журналининг муқовасида пайдо бўлган биринчи аёлга айланган. Бунлан ташқари, Карен Макдугал телевидение рекламаларида ва 2000 йилда “Чарлининг фаришталари” фильмида ҳам рол ўйнаган.
2006 йилда Макдугал Трамп билан Лос-Анжелесдаги “Playboy” саройида учрашган. У ерда Трамп “Тhe Apprentice” теледастурини суратга олаётган бўлган.
“У дарҳол мени ёқтириб қолди, мен билан гаплашишни давом эттирди. Менга қанчалик гўзал эканлигимни айтди”, деган Макдугал маҳаллий нашрларга.
Унинг таъкидлашича, Карен Макдугал ва Дональд Трамп 10 ой давомида ўзаро алоқада бўлган. Собиқ модель Трамп билан бир ой ичида камида беш марта кўришганини даъво қилган.
2016 йилги президентлик сайловлари арафасида Макдугал ўз ҳикоясини фақат “Тhe National Enquirer” газетасига айтиб бериш учун 150 000 долларлик шартнома имзолаган. Шартнома унга юқоридаги алоқалари ҳақида бошқа ОАВ ёки шахсларга очиқ гапиришни тақиқлаган. Бироқ, мақола ҳеч қачон нашр этилмаган. “Тhe National Enquirer” ҳикояни қасддан сотиб олиб, кейин уни йўқ қилган ва буни Трамп ҳақидаги салбий воқеаларни бостириш учун амалга оширганини тан олган.
2021 йилда эса АҚШ Федерал сайлов комиссияси “Тhe National Enquirer” нашриётчиси Макдугалнинг ҳикояси учун унга ҳақ тўлаб, бироқ мақолани ҳеч қачон нашр этмаган ҳолда сайлов қонунларини бузганини аниқлаган. Комиссиянинг маълум қилишича, 2016 йилги президентлик сайловларида Макдугалга тўланган пуллар сайлов кампаниясига ноқонуний ҳисса бўлган. Шунинг учун нашриёт 187 500 доллар жаримага тортилди.
2018 йилда эса Макдугал Трампнинг рафиқаси Меланиядан ўз иддаолари учун очиқчасига узр сўраган.
“Кечиринг. Мен ўзимга бундай қилишларини хоҳламаган бўлардим. Ўтмишга қарасам, ўша пайтда ростан ҳам нотўғри иш қилганимни тушунаман. Мен бундан жуда афсусдаман. Бу нотўғри иш эканини биламан”, деган у.
Дональд Трамп эса ҳар доим Макдугал билан алоқаси борлигини инкор этиб келади ва судда ҳам ўзига қўйилган барча айбловлар қатори буни ҳам рад қилган.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трампга нисбатан иш очилгач, у АҚШ тарихида жиноий жавобгарликка тортилган илк президент бўлганди. Кеча, 4 апрель куни эса у ҳибсга олиниб, суддан сўнг қўйиб юборилганди.
LiveБарчаси