Трампда коронавирус аломатлари кўрина бошлади. Президент шифохонага ётқизилди
Олам
−
03 Октябрь 2020
10765Коронавирусга чалинган АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳарбий шифохонага олиб борилди. Шифокорлар эҳтиёт чораси сифатида шундай қилинганини айтмоқда.
Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, Президентда коронавируснинг енгил аломатлари намоён бўла бошлаган. Трамп вертолаётда Мэриленд штатидаги Уолтер Рид Миллий ҳарбий-тиббий марказига олиб борилган. Президент шифохонага кетганига қарамай, мамлакат бошқарувини вице-президент Майкл Пенсга топширмаган.
Президент Twitter`даги саҳифасида қисқа видео жойлади. Унда Трамп ўзига саломатлик тилаганларга миннатдорлик билдирган.
“Ўйлашимча, мени аҳволим яхши. Аммо биз ҳаммаси яхши кетаётганига ишонч ҳосил қилмоқчимиз”, деган Трамп.
Оқ уйда маълум қиллинишича, Трамп бир қатор препаратларни қабул қиляпти. У ўзини ҳолсиз ҳис қилса ҳам, руҳий томондан тетикликни сақлаб қолган.
Президент вертолёти олдигача ўзи борган ва маскада бўлган. У ён-атрофда турган журналистларга ҳеч нима демаган, фақатгина бош бармоғини тепага кўтарган.
Президент Матбуот котиби Кейли Макэнанининг сўзларига кўра, Трамп бир неча кун шифохонада қолади. Шунга қарамай, у ўз мажбуриятларини бажаришда давом этади.
Шу билан бирга Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэй ҳам ўзида коронавирус аниқланганини маълум қилган. У ўтган ҳафта шанба куни Оқ уйда ўтказилган Эми Кони Барретт номзодини Олий суд судьяси лавозимига кўрсатиш маросимида иштирок этганди. Шу маросимда қатнашган сенаторлар Майк Ли ва Том Тиллис ҳам коронавирусга чалинган.
“Reuters” агентлиги маълумотига кўра, Трамп зарурат туғилган зудлик билан ёрдам кўрсатиш учун шифохонага ётқизилган. Мутахассислар 74 ёшли Трамп ҳозирги аҳволи қониқарли бўлишига қарамай хавф гуруҳига киришидан огоҳлантирган. Бунга сабаб унинг ёши ва вазни.
Трампнинг сайловдаги рақиби Жо Байден сайловолди сиёсий рекламалардан Президентга қарши қаратилган рекламаларни олиб туришга қарор қилган.
Байден Трамп ва унинг равфиқасига тезро тузалиб кетишни тилаган. Унинг бошқа сиёсий рақиби собиқ Президент Барак Обама ҳам Трампга саломатлик тилаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Россия раҳбари Владимир Путин ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин Трампга тезроқ тузалиб кетишини тилади.
LiveБарчаси