Трамп жамоаси муҳожирларни депортация қилиш учун давлатлар рўйхатини тузмоқда

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг жамоаси ватани уларни қабул қилишдан бош тортган тақдирда, муҳожирларни депортация қилиш мумкин бўлган давлатлар рўйхатини тузмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, NBC News телеканали хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, бу рўйхатга Багама ороллари, Панама, Гренада ва Терк ҳамда Кайкос ороллари (Буюк Британия ҳудуди) каби давлатлар киритилган. Трамп жамоаси ушбу давлатлар билан депортация рейсларини қабул қилиш бўйича келишувлар тузиш учун музокараларни бошлагани айтилмоқда.

Бундан ташқари, Трамп Мексикадан фақат мексикалик муҳожирларни эмас, бошқа миллат вакилларини ҳам қабул қилишга рози бўлишини талаб қилмоқчи. Келгусидаги Оқ уй раҳбари Мексика ҳукуматини бунга кўндириш осон бўлмаслигини тан олиб, тарифлар жорий этиш билан таҳдид қилишни босим воситаси сифатида қўллаши мумкин.

Маълумот учун, миграция инқирози Қўшма Штатлардаги сайлов кампаниясининг асосий мавзуларидан бири бўлди. Республикачилар бунга оид муаммоларнинг кескин кучайишида Жо Байден администрацияси ва демократларни айблади. Трамп ўзининг оммавий чиқишларида бир неча бор инаугурациядан сўнг АҚШ тарихидаги энг кенг қамровли ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш операциясини амалга ошириш ниятида эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп ўзининг Оқ уйдаги илк иш кунида иммиграция қонунчилигини кучайтириш ва Жо Байденнинг асосий муҳожирларни қабул қилиш дастурларини тугатишга қаратилган бир қатор чораларни амалга ошириши мумкинлиги хабар қилинган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп муҳожирлар депортация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг