Трамп яна Эронга зарбаларни бекор қилди

Олам

image

Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Яқин Шарқ мамлакатларининг илтимосига биноан Эронга бериладиган зарбаларни вақтинча тўхтатишга буйруқ берганини маълум қилди. У, шунингдек, АҚШ ва Эрон ўртасида эҳтимолий битим тузилишини эълон қилди. Бу ҳақда Трамп Truth Social тармоғидаги саҳифасида ёзди.

Оқ уй раҳбари “АҚШ Эронга қарши Иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилмаган даражадаги ҳарбий террор, куч ва қудрат билан жанг қилишга тайёрлигини” билдирган.

“Шунга қарамай, Эрон ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатлари битим шартлари келишиб олингани сабабли ҳужумдан тийилишимизни сўраб бизга мурожаат қилишди. Бу Ҳормуз бўғизини зудлик билан, тўлиқ ва мутлақ очишни ҳамда Эрон томонидан ядровий таҳдидни тўхтатишни ўз ичига олади.

Ушбу илтимосдан келиб чиқиб, мен бутун дунё эзгулиги ва муваффақиятли ҳамда фаровон Эроннинг омон қолиши йўлида, битим тезкорлик билан тузилиши шарти билан ҳужумни бекор қилишга рози бўлдим. Исроил ҳам ушбу мажбуриятда менга қўшилмоқда. Ҳамма ишга киришсин ва буни амалга оширсин!” деб ёзди Трамп.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Дональд Трамп Эронга янги миқёсда зарбалар беришни кейинга сургани ҳақида хабар берилган эди. Бунга асосий сабаблардан бири Теҳроннинг жавоби АҚШни минтақадаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракета захираларининг сезиларли даражада камайишига олиб келишидан хавотирланиш бўлган. Қарор Трампнинг маслаҳатчилари ва администрация аъзолари билан ўтказилган йиғилишидан сўнг қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг