Трамп ва Байден Нью-Хэмпширда ўз партияларининг праймеризларида ғалаба қозонди

Олам

image

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Нью-Хэмпширда Республикачилар партиясининг праймеризларида ғалаба қозонди. Демократ сайловчиларнинг кўпчилиги эса Жо Байден номини овоз беришда ўзлари ёзиб қўйди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди. 

Таҳлилчилар биринчи сайлов участкаларида овоз бериш натижалари эълон қилинганидан сўнг кўп ўтмай, собиқ президентнинг ғалабаси муқаррар, деб ҳисоблаган.

Трамп 198 минг бюллетенни санаб чиқиш натижаларига кўра етакчилик қилмоқда – у 54,0 фоиз овоз тўплаган. Номзодлик учун курашда унинг фақат битта рақиби қолди, у АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли. Унга Нью-Хэмпширдаги республикачиларнинг 44,5 фоизи овоз берди.

Жо Байденнинг номи эса штат ҳукумати ва Демократик партия ўртасидаги зиддият туфайли сайлов бюллетенига киритилмаган. Бироқ 63 минг сайловчининг 70 фоизга яқини уни бюллетенга қўлда ёзган. Конгрессмен Дин Филлипс 20,9 фоиз, ёзувчи Мариан Уилямсон эса 4,3 фоиз овозга эга.

Маълумот учун, АҚШда президентлик сайловлари 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтади. Дональд Трамп 2023 йилда тўртта жиноий иш бўйича айбланган бўлишига қарамасдан, бу уни сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Суд жараёнларининг биринчиси 4 март куни бошланиши режалаштирилган, бироқ ҳимоячиларнинг шикоятлари туфайли у кечиктирилиши мумкин. 

Февраль ойида АҚШ Олий суди Трампнинг қўзғолонга алоқадорлиги сабабли унинг исмини сайлов бюллетенига киритишни тақиқлаган Колорадо Олий суди қарорига эътирозини кўриб чиқади. Олий суднинг қарори бошқа штатлар учун ҳам мажбурий бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дональд Трамп Айова штатидаги кокусларда ишончли ғалаба қозонганди. Шундан сўнг президентлик пойгасида унга қарши курашаётган Вивек Рамасвами ва Рон ДеСантис сайлов ташвиқотларини тўхтатиб, Трампни қўллашини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп сайлов Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг