Трамп Айовадаги кокусларда ишончли ғалаба қозонди
Олам
−
16 Январь
3662АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Айова штатидаги кокуслар (президентлик сайловларида партия ичидаги овоз беришнинг биринчи босқичи)да ишончли ғалаба қозонди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Унинг ғалабасини Американинг барча етакчи телеканаллари, шунингдек, “Associated Press” биринчи овоз бериш натижаларига кўра, башорат қилган эди.
ABC News томонидан эълон қилинган овоз беришнинг дастлабки ҳисоб-китоблари сайловчиларнинг 52 фоизи Трампга овоз берганини кўрсатмоқда.
Флорида губернатори Рон ДеСантис ҳозирда иккинчи ўринда, уни республикачиларнинг 20 фоизи қўллаб-қувватлаяпти.
“Сайловчиларнинг 19 фоизи Жанубий Каролинанинг собиқ губернатори Никки Хейлига овоз берди”, деб хабар бермоқда ABC News.
Овозларни санаш давом этар экан, иккинчи ўрин тақдири ўзгариши мумкин.
Тадбиркор Вивек Рамасвами 10 фоиздан кам овоз билан тўртинчи ўринни эгаллади. Шундан сўнг у ўз сайловолди ташвиқотини якунлашини эълон қилди.
Маълумот учун, АҚШнинг Мэн ва Колорадо штатларида Дональд Трампнинг республикачилар праймерисларида қатнашиши таъқиқланган.
Эслатиб ўтамиз, собиқ президент икки штатдаги мазкур қарор бўйича АҚШ Олий судига шикоят қилган эди.
LiveБарчаси