Трамп “Тинчлик кенгаши” низомини имзолади (видео)
Олам
−
22 Январь 3739 2 дақиқа
Бугун, 22 январь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ўз ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши” низомини имзолади. Ҳужжатни у билан бирга жами 19 давлат вакиллари имзолаган. Маросимнинг жонли эфири Оқ уйнинг расмий YouTube-каналида намойиш этилди.
“Биз бутун дунёда тинчликка эришамиз ва Худо ҳаққи, бу барчамиз учун тарихга қўшилган буюк ҳисса бўлади. Бу залда ўтирган ҳар бир инсон – юлдуз, акс ҳолда сиз бу ерда бўлмас эдингиз. Бу Кенгаш тўлиқ шакллантирилгач, биз деярли хоҳлаган ишимизни қила оламиз. Буни БМТ билан ҳамкорликда амалга оширамиз”, дейди Трамп.
Ҳужжатни имзолаш маросими Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди. Шунингдек, Яқин Шарқ ва Жанубий Америка мамлакатлари (Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Аргентина, Парагвай, Баҳрайн, Болгария, Индонезия, Иордания, Косово, Марокаш, Мўғулистон, Покистон, Туркия) вакиллари, шунингдек, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев иштирок этди.
CNN телеканалига кўра, Трамп билан бир саҳнада 20 нафардан кам давлат вакиллари бўлган ва АҚШнинг анъанавий Ғарбий Европа иттифоқчиларидан бирортаси ҳам қатнашмаган. Трампнинг нутқидан сўнг Оқ уй матбуот котиби Каролин Ливитт “Тинчлик кенгаши” энди расман халқаро ташкилот эканини эълон қилган. Шундан кейин давлат раҳбарлари навбатма-навбат Трампнинг олдига бориб ҳужжатга ўз имзосини қўя бошлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Давосда Ғазо “Тинчлик кенгаши”га қўшилиш бўйича ҳужжатни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси