Трамп TikTok'да чиндан ҳам “1-рақамли”ми? (видео)

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп бу ҳафта бир неча бор ўзини TikTok'да “1-рақамли” деб атади. Бироқ бу энг кўп кузатувчига эга фойдаланувчи эмас, балки ижтимоий тармоқдаги энг машҳур жаҳон етакчиси эканини англатади. Бу ҳақда АҚШнинг CNBC нашри хабар берди.

“Янги рақамлар чиқди. Биласизми, TikTok'да энг биринчи ўринда ким турибди? Трамп. Мен”, деган Трамп 6 июль куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда. У шунингдек, Тейлор Свифтни ортда қолдирганини айтиб, қўшиқчини платформада “11-ўринда” деб таъкидлаган.

Бироқ 9 июль ҳолатига кўра, Трампнинг TikTok'да 16,7 миллион кузатувчиси бор. Тейлор Свифт эса 33,5 миллиондан ортиқ кузатувчига эга бўлиб, Трампдан икки баравар кўп аудитория тўплаган.

Платформадаги энг машҳур аккаунт эгаси – сенегаллик ва италиялик блогер Хабане Лейм бўлиб, унинг 162,3 миллион кузатувчиси бор. Бу Трамп аудиториясидан қарийб ўн баравар кўп. Ундан кейин 159,2 миллион кузатувчи билан 22 ёшли Чарли Д’Амелио жойлашган. У 2019 йил охирида рақс видеолари орқали машҳурликка эришган.

“Мен биринчи рақамли эдим. Бу санъаткорларнинг барчаси 27-, 29-ўринларда. Бу ақл бовар қилмайди. Ўзим ҳам тушунмайман, аммо бу менинг фикрларим одамларга етиб бораётганини англатади”, деган Трамп 8 июль куни Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммитида.

5 июль куни Truth Social'даги пост эса Трампнинг бу гапига аниқлик киритган. Унда TikTok бош директори Шоу Зи Чюнинг Трампни платформадаги энг кўп кузатувчига эга жаҳон етакчиси сифатида табриклаган хабари эълон қилинган. Оқ уйдан ушбу фарқ ҳақида изоҳ сўралганда, расмийлар Трампнинг айнан шу Truth Social постига ишора қилган.

CNBC таҳлилига кўра, Трамп ҳақиқатдан ҳам TikTok'даги энг кўп кузатувчига эга жаҳон етакчиси ҳисобланади. Ундан кейин Сальвадор президенти Наиб Букеле 12,9 миллион, Мексика президенти Клаудия Шейнбаум 9,3 миллион ва Франция президенти Эммануэль Макрон 7,3 миллион кузатувчи билан жойлашган. Кўплаб давлат раҳбарларининг TikTok'да расмий аккаунти йўқ. Улар қаторида Хитой раиси Си Цзиньпин, Россия Президенти Владимир Путин ва Яқин Шарқнинг кўплаб давлат раҳбарлари бор. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху эса платформада 1,5 миллион кузатувчи тўплаган.

АҚШ ички сиёсатида эса 2024 йилги президентлик сайловида Трампнинг рақиби бўлган собиқ вице-президент Камала Харриснинг TikTok'да 10,1 миллион кузатувчиси бор. Собиқ президентлар Барак Обама ва Жо Байденнинг расмий TikTok аккаунтлари мавжуд эмас.

Трампнинг TikTok саҳифасида асосан Овал кабинетдан туриб турли давлат сиёсати, ташаббуслар ва қарорлар ҳақида мурожаат қилган қисқа видеолар жойлаштирилади. Айрим видеолар ҳазиломуз мазмунда ҳам бўлади. Масалан, 26 май куни жойланган видеода у демократларни нега “Dumocrats” деб аташини тушунтирган.

“Фақат битта ҳарф ўзгарган. Улар ҳақиқатан ҳам аҳмоқ одамларга ўхшайди”, деган Трамп.

Трамп бу ҳафтаги НАТО саммитида TikTok'дан АҚШнинг муваффақиятлари ва “коммунизм қанчалик ёмон экани” ҳақида гапириш учун фойдаланишини айтган.

Маълумот учун, бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам Трамп катта аудиторияга эга. Унинг X тармоғида 111,7 миллион, Instagram'да 44 миллион ва Truth Social платформасида 12,9 миллион кузатувчиси бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп 2025 йилда криптовалютага оид бизнесларидан 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ даромад олгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг