Трамп танқид қиладиган телеканалларнинг лицензиясини бекор қилмоқчи
Олам
−
19 Сентябрь 2025 1929 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп федерал ҳукумат “унга нисбатан нохолис” деб ҳисоблаган телевизион тармоқлар лицензияларини бекор қилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Оқ уй раҳбари Буюк Британияга сафаридан қайтаётган Air Force One бортида журналистларга баёнот берган. Унинг сўзларига кўра, аксар оммавий ахборот воситалари унга “ёмон обрў” бериб, “Демократик партиянинг оғзи” вазифасини бажаради.
Бир кун аввал Американинг ABC телевизион тармоғи Жимми Киммелнинг консерватив фаол Чарли Киркнинг ўлдирилиши ҳақидаги изоҳидан кейин кўрсатувини “номаълум муддатга тўхтатиб қўйганди”. Федерал алоқа комиссияси раиси Брендан Карр ABC лицензияси хавф остида бўлиши мумкинлигига ишора қилди.
Трамп, хусусан, Жимми Киммел ва CBS бошловчиси Стивен Колбертнинг ўзини танқид қилганига мурожаат қилиб, уларнинг шоулари “Трампни танқид қилишдан бошқа ҳеч нарса қилмаяпти” деб даъво қилди. Унинг қўшимча қилишича, якуний қарор у “ватанпарвар” ва “қаттиққўл” деб таърифлаган Каррга боғлиқ.
“Қаердадир ўқигандимки, тарқмоқлардан фойдаланувчи кишиларнинг 97 фоизи менга қарши эди. Яна етмаганидек, 97 фоизнинг барчаси салбий ва шунга қарамай, мен еттита ана шундай штат аҳолисининг барчасини осонлик билан сайловда ютиб олдим. Телеканаллар мени фақат ёмон килиб кўрсатишади. Улар лицензия олишяпти. Менимча, уларнинг лицензияси бекор қилиниши керак. Буни Брендан Карр ҳал қилади”, деган Президент.
Федерал алоқа комиссиясининг лицензиялари ABC, CBS, NBC ва “Fox News” каби телевизион каналлар учун талаб қилинади. Кабель тармоқларидан фарқли ўлароқ, уларнинг эшиттиришлари томошабинлар учун бепул ва жонли эфирда узатилади.
Федерал алоқа комиссияси лицензияларни “жамоат манфаатлари” стандартига жавоб бермаса бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ “The New York Times” таъкидлаганидек, бундай қарорлар жуда кам учрайди ва деярли суд жараёнларига олиб келади, чунки АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатиш сўз эркинлигини кафолатлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп хотини Мелания Трамп билан биргаликда Буюк Британияга иккинчи бор давлат ташрифи билан борганди.
Live
Барчаси