Трамп разведка маълумотларини Украинага бермоқчи
Олам
−
02 Октябрь 3034 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия энергетика объектларига зарба бериш учун разведка маълумотларини Украинага ўтказишга рухсат берди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашр манбаларининг айтишича, разведка идоралари ва Пентагон нефтни қайта ишлаш заводлари, қувурлар, электр станциялари ва бошқа инфратузилмаларни вайрон қилиш учун маълумотларни тақдим этиши керак. Трамп бу буйруқни ўзининг Truth Social саҳифасида Украина урушда ғалаба қозониши ва ўз ҳудудини қайтариб олиши мумкинлиги ҳақида ёзишидан сал аввал чиқарган. Улар, шунингдек, Вашингтон НАТО иттифоқчиларидан Киевга худди шундай ёрдам кўрсатишни сўраганини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, WSJ манбаларига кўра, Трамп маъмурияти Киевни “Россиядаги нишонларга кўпроқ зарба беришга имкон берадиган кучли қуроллар” билан таъминлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу узоқ масофали Tomahawk ва Barracuda ракеталарига тегишли. Аввалроқ АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс Оқ уй Украинага 2500 километр масофага уча оладиган Tomahawk ракеталарини тақдим этиш масаласини муҳокама қилаётганини, бироқ Трамп бу қарорни ҳали маъқулламаганини айтганди. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ таъкидлаганидек, Россияга зарба бериш учун Ғарбнинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланиш “НАТО давлатлари, АҚШ ва Европа давлатлари Москва билан уруш ҳолатида эканини англатади”.
Путиннинг таъкидлашича, Украина ўз-ўзидан бундай зарбаларни амалга оширишга қодир эмас, улар фақат Ғарб давлатларининг ёрдами билан қилиниши мумкин.
Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский сентябрь ойининг охирида Трамп билан учрашувдан сўнг Кремль расмийларига АҚШнинг узоқ масофали қурол-яроғ зарбалари билан таҳдид қилган эди.
“Улар бомба бошпаналари қаерда эканини билиши керак. Бу уларга керак. Агар урушни тўхтатмасалар, барибир уларга керак бўлади”, деган эди Зеленский.
Украина аввалроқ АҚШдан Tomahawk ракеталарини талаб қилган эди. Бу сўров Зеленский ўтган йили собиқ президент Жо Байденга тақдим этган “Ғалаба режаси”нинг махфий иловасида келтирилган. Бироқ Киев бу ракеталарни ҳеч қачон олмаган. Июль ойида, “Financial Times” маълумотларига кўра, Украина яна АҚШдан шунга ўхшаш қуролларни сўраган, аммо уларни ҳам олмаган. Бунгача Трамп маъмурияти Киевнинг Россияга зарба бериш учун узоқ масофали ракеталардан, жумладан, ATACMS’дан фойдаланишига тўсқинлик қилган эди.
Live
Барчаси