Трамп Обамани давлатга хиёнатда айблади
Олам
−
25 Июль 4218 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамани хиёнатда ва 2020 йилги сайловларни сохталаштиришда айблади. Бу ҳақда Трамп 22 июль куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда айтди.
“Бу хиёнат эди. Улар сайловни ўғирлашга ҳаракат қилишди. Улар сайловни чалкаштириб юборишга ҳаракат қилишди. Улар бошқа мамлакатларда ҳам ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган ишларни қилишган”, деди Трамп.
Ўзи “жамоат раҳбари” деб атаган Обамадан ташқари, у ўша пайтдаги Демократик номзод Ҳиллари Клинтон ва собиқ президент Жо Байденни 2020 йилги сайловларни сохталаштиришда айблади.
“Улар бутун гуруҳи билан сайловни сохталаштиришга ҳаракат қилди ва улар қўлга тушди. Ва улар 2020 йилги сайловни сохталаштиришди”, деди Трамп.
CNN'нинг ёзишича, АҚШда хиёнат ўлим билан жазоланади.
Трамп ўз нутқида Миллий разведка директори Тулси Габбарднинг ўтган ҳафта эълон қилинган ҳисоботига ишора қилди. Унинг хулосасига кўра, Обама ва унинг ёрдамчилари Россиянинг 2016 йилги сайловларга таъсир ўтказишга уринишлари билан боғлиқ разведка маълумотларини “тўқиб чиқарган ва сиёсийлаштирган”. Унинг сўзларига кўра, Обама ва унинг маъмурияти демократлар мағлуб бўлганидан кейин сайлов инфратузилмасига киберҳужумлар орқали Россия таъсири ҳақида атайлаб тўқиб чиқарган.
“Демак, Россия Дональд Трампнинг сайланишига ёрдам бергани ҳақидаги сохта разведканинг яратилиши сайлов олдидан бир неча ой олдин қилинган барча баҳоларга зид бўлган ва бунинг аксини билдирган: Россиянинг АҚШдаги президентлик сайловларини бузишга уриниш нияти ҳам, қобилияти ҳам йўқ эди”, деди Габбард.
Барак Обама матбуот котиби Патрик Роденбуш эса Обама президентлик ҳокимиятини ҳурмат қилгани учун Оқ уйдан чиқаётган “доимий бемаънилик ва нотўғри маълумотлар”га умуман жавоб бермаслигини, лекин бу сафарги айбловлар шу қадар ғазабланарли бўлганки, улар жавоб беришга лойиқ эканини билдирди.
“Бу ғалати даъволар кулгили ва эътиборни чалғитишга қаратилган заиф уринишдир. Ўтган ҳафта эълон қилинган ҳужжатдаги ҳеч нарса Россия 2016 йилги президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уринган, аммо овозларни муваффақиятли ўзгартира олмаган деган кенг тарқалган хулосага қарши эмас. Бу топилмалар икки партияли 2020 йилги Сенат разведка қўмитаси ҳисоботида тасдиқланган”, дейди Обама вакили.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп 21 июль куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғига сунъий интеллект ёрдамида яратилган, Федерал қидирув бюроси ходимлари АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамани ҳибсга олгани акс этган видеони жойлаштирганди.
Президент, шунингдек, ўз саҳифасида Габбарднинг даъвосини 17 марта эълон қилди. Бу эса жамоатчилик муҳокама қилаётган мавзуни ўзгартиришга уринишдек туюлди. Маълумки, сўнгги пайтларда Трампнинг 2019 йил август ойида қамоқда вафот этган миллиардер педофил ва жинсий савдогар Жеффри Эпштейн билан ўтмишдаги муносабатлари кенг муҳокама қилинмоқда. Трамп маъмурияти икки ҳафта олдин Эпштейннинг “мижозлар рўйхати” мавжуд эмаслигини ва молиячи Нью-Йоркдаги қамоқхонада ўз жонига қасд қилганини эълон қилиб, шов-шувга сабаб бўлди. Бу Эпштейн қурбонлари учун адолат ва унинг ёрдамчилари жазоланишини талаб қилган Президентнинг ўз тарафдорларини ҳам ғазаблантирди.
Live
Барчаси