Трамп Мелони билан дўстлиги тугаганини эълон қилди
Олам
−
20 Июнь 5181 2 дақиқа
Италия Бош вазири Жоржа Мелони ўзининг сиёсий рейтингини тиклаш мақсадида АҚШ билан қайта яқинлаша олмайди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп G7 саммитидаги умумий фотосурат атрофидаги келишмовчиликлар фонида ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
“Унинг Италиядаги машҳурлиги пасайиб бормоқда, эҳтимол бунга у Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиши ёки уни ишлаб чиқишининг олдини олиш масаласида АҚШга – Италияни чин дилдан яхши кўрадиган ва ҳимоя қиладиган давлатга рад жавобини бергани сабабдир (айтганча, ХАТО [НАТО]га ҳам!)... Энди эса, АҚШнинг Эрон устидан қозонган ҳарбий ғалабасидан кейин у ўз “кўрсаткичларини кўтариш” учун яна дўстлашмоқчи. Йўқ, раҳмат!” деб ёзди Президент.
Трамп Францияда бўлиб ўтган G7 саммитида Мелони гўёки ундан бир неча бор бирга суратга тушишни илтимос қилганини яна бир бор эслатиб ўтган. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, АҚШ томонидан Италия ва бошқа “НАТОдаги сохта иттифоқчилар” мудофаасига миллиардлаб маблағ тикилганига қарамай, Мелони АҚШнинг Эрондаги ҳарбий операцияси вақтида Италия учиш-қўниш йўлакларидан фойдаланишга рухсат бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Италиянинг “La7” телеканалига берган интервьюсида Мелони ундан бирга суратга тушишни “ёлвориб сўраганини” ва у фақат раҳми келганидан рози бўлганини даъво қилган эди. Италия ҳукуматининг раҳбари бу сўзларни “мутлақо уйдирма” деб атади ва “на у, на Италия” ҳеч қачон ҳеч кимга ёлвормаслигини баён қилди. Юзага келган келишмовчиликлар фонида икки давлат вакиллари ўртасидаги олий даражадаги бир нечта учрашувлар бекор қилинди.
Live
Барчаси