Трамп Кеннедининг ўлдирилишига оид ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни буюрди
Олам
−
10:42
2999АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 23 январь куни 1963 йилда президент Жон Кеннеди, 1968 йилда унинг укаси Роберт Кеннеди ва ўша йили фуқаролик ҳуқуқлари етакчиси Мартин Лютер Кингнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳукумат ҳужжатларини махфийликдан чиқаришни буюрди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
"Ҳаммаси ошкор бўлади", деди Президент Оқ уйнинг Овал кабинетида буйруқни имзолар экан.
2024 йил ноябрь ойи охирида, сайловдаги ғалабасидан сўнг, Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги ваъдасини такрорлаб, Жон Кеннедининг ўлдирилиши билан боғлиқ, “ўта махфий” деб таснифланган ва Миллий архивда сақланаётган якуний ҳужжатларни ошкор қилиш тўғрисида ваъда берганди.
Жон Кеннедининг ўлдирилишини тергов қилган расмий комиссия 1964 йилда собиқ денгиз пиёдаси, бир пайтлар Совет Иттифоқида яшаган Ли Харви Освалд ёлғиз ҳаракат қилган, деган хулосага келди.
Бироқ президент Кеннедининг ўлдирилиши ҳали ҳам кўп тахминларга сабаб бўлмоқда. 2022 йил декабрида Миллий архив Жон Кеннедининг ўлдирилиши билан боғлиқ 13 000 дан ортиқ ҳужжатларни эълон қилди. Бироқ Байден маъмурияти миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан яна минглаб ҳужжатларнинг эълон қилинишига тўсқинлик қилди.
Жон Кеннедининг укаси Роберт Френсис Қўшма Штатлар Бош прокурори лавозимида ишлаган. У 1968 йил 5 июнда Лос-Анжелесда Демократик президентлик сайловларида ғалаба қозониш учун асосий даъвогар бўлган пайтда ўлдирилган.Роберт Кеннеди Амбассадор меҳмонхонасида нутқини тугатгач, фаластинлик муҳожир томонидан отиб ўлдирилган.
Фуқаролик ҳуқуқлари етакчиси Мартин Лютер Кинг 1968 йилнинг 4 апрелида иш ташлаган ахлатчиларни қўллаб-қувватлаш учун Мемфисга (Теннесси штати) борганида оқ танли сегрегациячи томонидан ўлдирилган.
Трамп кеча, 23 январь куни бир қатор бошқа фармонларга ҳам имзо чекди, жумладан, абортга қарши намойишчиларнинг 23 нафарини афв этиш. Афвлар Вашингтонга абортга қарши фаолларни олиб келадиган йиллик “Ҳаёт учун марш”дан бир кун олдин имзоланган.
"23 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Уларни қамамаслик керак эди. Уларнинг аксарияти кексалар. Уларни суд қилмаслик керак эди. Ушбу фармонни имзолаш мен учун катта шарафдир", деди Трамп судланганларнинг баъзилари ҳамон қамоқда қолаётганини "абсурд" деб атаб.
Ўша куни Дональд Трамп унинг маъмурияти судьянинг туғилганлик билан фуқаролик олишни чеклаш ҳақидаги буйруғини вақтинча блоклаш ҳақидаги қарори устидан шикоят қилишини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сиэтлдаги федерал судья Трампнинг бола туғилиши билан автоматик фуқаролик олишини чеклаш ҳақидаги буйруғини блоклаб, уни “очиқ-ойдин конституцияга зид” деб атаган эди.
LiveБарчаси