Трамп қайта сайланса, миллионлаб муҳожирларни АҚШдан ҳайдамоқчи
Олам
−
12 Февраль
7108Америка Қўшма Штатларининг собиқ президенти Дональд Трамп жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ғалаба қозонса, миллионлаб ноқонуний муҳожирларни депортация қилмоқчи. Бунинг учун у ҳукуматнинг барча даражадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жалб қилмоқчи. Бу ҳақда исми ошкор этилишини хоҳламаган манбага таяниб, “Axios” портали хабар берди.
Манбага кўра, депортация режасини амалга ошириш учун Трамп ҳам федерал, ҳам маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларини, жумладан, иммиграция расмийлари, Федерал қидирув бюроси, шунингдек, Наркотикларга қарши кураш бошқармаси ва прокуратурани жалб қилмоқчи. Портал суҳбатдошининг таъкидлашича, депортация чегарани ота-онасисиз кесиб ўтган вояга етмаган мигрантларга кафил бўлганларга ҳам таъсир қилади.
Қайд этилишича, процедура АҚШ иммиграция қонунчилигининг мунозарали қоидалари, жумладан, АҚШ расмийларига 1930 йилларда мексикаликларни мажбуран ватанига қайтаришга имкон берган қоидалар асосида амалга оширилади.
“Axios” ҳисоб-китобларига кўра, Қўшма Штатларда яшовчи 4 миллионга яқин мексикаликлар, шунингдек, мамлакатга ноқонуний кирган 2,2 миллионга яқин марказий америкаликлар депортация қилиниши мумкин. Бундан ташқари, чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва АҚШда икки йилдан ортиқ яшаётганини исботлай олмаганлар ҳам депортация қилинади.
“Трамп чегара ҳудудида депортацияни кутаётган муҳожирларни сақлаш учун махсус зоналар қуришни ҳам режалаштирмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, Дональд Трампнинг ўзи ҳам, агар қайта сайланса, биринчи навбатда Америка чегарасини ёпиш ва ноқонуний муҳожирларни оммавий депортация қилишни ташкил этиш ниятида эканини бир неча бор айтган.
LiveБарчаси