Трамп Исроилдан Ғазони бомбалашни тўхтатишни талаб қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 3 октябрь куни Исроилдан Ғазога ҳаво ҳужумларини дарҳол тўхтатишни талаб қилди. Бу чақириқ ҲАМАСнинг гаровдаги шахсларни озод этишга ва урушни тугатишга қаратилган АҚШ режасининг айрим шартларини қабул қилишидан кейин янгради. Аммо қуролсизланиш каби мураккаб масалалар ҳали ҳал этилмаганга ўхшайди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг офисига кўра, ҲАМАСнинг жавобидан кейин Исроил “гаровдагиларни озод қилишга оид Трампнинг Ғазо режасининг биринчи босқичини дарҳол амалга ошириш” учун тайёргарлик кўрмоқда. Шундан кўп ўтмай, исроиллик ОАВ мамлакат сиёсий раҳбарияти армияга Ғазодаги ҳужум ҳаракатларини камайтириш ҳақида кўрсатма берганини хабар қилди.

Трамп баёнотидан кейин ҳам бомбардимонлар хабар қилинди

Исроил армияси бош штаби баёнотида кучларга Трамп режасининг биринчи босқичини амалга ошириш учун тайёргарликни кучайтириш буйруғи берилгани айтилди, аммо Ғазодаги ҳарбий фаолият камайиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.

Ғазони назорат қилаётган ҲАМАС Трампнинг 20 банддан иборат режасига жавоб қайтарди. АҚШ Президенти гуруҳга 5 октябргача вақт берган эди – акс ҳолда оғир оқибатларга дучор бўлишини огоҳлантирган.

Ғазода икки йилдан бери давом этаётган, ўн минглаб инсонлар ҳаётини олган ва АҚШнинг иттифоқчиси Исроилни жаҳон саҳнасида тобора ёлғиз қолдирган урушни тугатиш учун катта сиёсий нуфузини ишга солаётган Трамп ўзини “Ғазода тинчликка эришишга қодир ягона шахс” сифатида кўрсатмоқда.

Трампнинг таъкидлашича, ҲАМАС “барқарор ТИНЧЛИККА тайёрлигини” намоён этди ва энди асосий масъулият Нетаньяху ҳукумати зиммасида.

“Исроил Ғазони бомбардимон қилишни дарҳол тўхтатиши керак, шунда биз гаровдагиларни хавфсиз ва тезлик билан чиқара оламиз! Биз аллақачон тафсилотлар бўйича музокараларни бошладик. Бу фақат Ғазо ҳақида эмас – бу Яқин Шарқда узоқ кутилган ТИНЧЛИК ҳақидадир” деб ёзди Трамп Truth Social платформасида. 

Нетаньяхунинг офисидан маълум қилишларича, Исроил “Президент ва унинг жамоаси билан тўлиқ ҳамкорликда ишни давом эттиради ва урушни Исроил томони белгилаган принциплар асосида, Трампнинг қарашига мос равишда тугатади”.

Аммо маҳаллий аҳоли маълумотларига кўра, Трампнинг Исроилга “бомбардимонни тўхтатиш” чақириғидан кейин Исроил танклари Ғаза шаҳри марказидаги асосий йўллардан бири – Талатийний кўчасини ўққа тутган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҲАМАС баёнотидан кейинги соат ичида Исроил ҳарбий самолётлари ҳам Ғазо шаҳридаги ҳаво ҳужумларини кучайтириб, Римал маҳалласида бир нечта уйларга зарба берган.

Хан Юнус шаҳрида ҳам ҳаво зарбалари бўлгани хабар қилинди, аммо ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.

Нетаньяху устидан босим кучаймоқда

Исроилнинг сўнгги баёнотларидан олдин, Ғазода ҲАМАС томонидан асир олинганларнинг оилалари Нетаньяхуга мурожаат қилиб, “барча гаровдагиларни қайтариш учун дарҳол музокаралар бошлаш”ни талаб қилди.

Ички сиёсий жиҳатдан ҳам Бош вазир оғир босим остида қолган: бир томонда урушдан чарчаган жамоатчилик ва гаровдаги шахслар оилалари уни урушни тугатишга чақирмоқда, иккинчи томонда эса қаттиқ позицияли ўта ўнг қанот иттифоқчилари Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатмасликни талаб қилмоқда.

Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётни 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС бошчилигидаги ҳужумдан кейин бошлаган эди. Исроил маълумотларига кўра, бу ҳужумда тахминан 1200 киши ҳалок бўлган ва 251 нафар одам Ғазога гаровда олиб кетилган. Исроил айтишича, ҳозирда 48 нафар гаровдаги шахс қолган, уларнинг 20 нафари тирик.

Ғазо соғлиқни сақлаш муассасалари маълумотларига кўра, Исроил босқини 66 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган – уларнинг кўпчилиги тинч аҳоли. Ҳужум оқибатида секторнинг катта қисми вайронага айланган, гуманитар ёрдамга чекловлар эса Ғазонинг айрим ҳудудларида очликни келтириб чиқарган ва бутун анклав бўйлаб вазият ниҳоятда оғирлашган.

БМТ Тергов комиссияси ва бир нечта инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар Исроил Ғазода геноцид содир этгани ҳақида хулоса чиқарган. Нетаньяху ҳукумати эса бу ҳаракатлар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилганини айтмоқда.

ҲАМАСнинг жавобида гуруҳ Ғазони қуролсизлантириш ва демилитаризация қилишга рози бўлиш-бўлмаслиги ҳақида ҳеч нарса демаган – бу Исроил ва АҚШ талаб қилаётган, аммо ҲАМАС олдин ҳам рад этган шарт.

ҲАМАС босқичма-босқич эмас, балки тўлиқ ва дарҳол Исроил қўшинларининг чиқишини талаб қилди. Гуруҳнинг бир юқори мартабали расмийси “Al Jazeera” телеканалига берган баёнотида, ҲАМАС Ғазо босиб олиниши тугамагунча қуролини топширмаслигини айтди – бу икки томон позицияларидаги катта тафовутни кўрсатди.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакили X (Twitter) орқали билдиришича, Қатар Миср ва АҚШ билан биргаликда Трамп режаси бўйича музокараларни давом эттириш учун мувофиқлашувни бошлаган.

Трамп режасига кўра, дарҳол ўт очиш тўхтатилиши, ҲАМАСдаги барча гаровдагилар Исроилдаги фаластинлик маҳбусларга алмаштирилиши, босқичма-босқич Исроил қўшинлари Ғазодан чиқиши, ҲАМАС қуролсизлантирилиши ва халқаро ташкилот бошчилигида вақтинчалик ҳукумат жорий этилиши кўзда тутилган.

Муаммоли масалалар ҳамон мавжуд

Трамп режасига жавобан ҲАМАС ўз баёнотида “Ғазо секторидаги урушни тугатиш, маҳбуслар алмашинуви ва ёрдамнинг дарҳол киритилиши учун чақириқлар билан чиққан араб, исломий ва халқаро саъй-ҳаракатларни, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди”, деб таъкидлади.

ҲАМАС шу билан бирга “Президент Трамп таклифида белгиланган алмашинув формуласи асосида барча ишғолчи маҳбуслар – тирик ёки жасадлар ҳолатида – озод қилинишига розилик билдиришини” маълум қилди ва бу жараённи амалга ошириш учун “зарур майдон шароитлари”ни қайд этди.

“Бу доирада ҳаракат воситачилар орқали дарҳол музокараларга киришишга ва тафсилотларни муҳокама қилишга тайёрлигини тасдиқлайди”, дейилади ҲАМАС баёнотида.

ҲАМАС, шунингдек, “Ғазо сектори маъмуриятини фаластинлик миллий консенсус асосида шаклланган ва араб ҳамда исломий қўллаб-қувватловга эга бўлган мустақил (технократ) фаластинликлар органига топширишга тайёр” эканини билдирди.

Бироқ гуруҳ Трамп режасида белгиланган, унинг Ғазода сиёсий ҳокимиятни амалга оширишдан четлатилиши ҳақидаги таклифга рози бўладими-йўқми – буни аниқ баён этмади. ҲАМАС фақат “Ғазонинг келажагига оид ҳар қандай иш Фаластин миллий муҳокамасига киритилиши ва унда тўлиқ масъулият билан иштирок этиши” кераклигини таъкидлади.

ҲАМАС аввал ҳам барча гаровдагиларни озод қилиш ва Ғазо маъмуриятини бошқа бир органга топшириш таклифини берган эди.

Кеча, 3 октябрь куни Трамп ҲАМАС унинг режасига якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача рози бўлмаса, Ғазода “ҳақиқий ДЎЗАХ” бошланишини огоҳлантирган эди. ҲАМАС Трамп таклифи ишлаб чиқилган музокараларда иштирок этмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Исроил Ғазо Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг