Трамп Эроннинг ядро объектларига ҳужум қилишни режалаштирган – ОАВ
Олам
−
17 Ноябрь 2020
7725АҚШ Президенти Дональд Трамп маслаҳатчилари билан Эроннинг ядро объектларига ҳужум қилиш масаласини муҳокама қилган. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси Оқ уйдаги расмий манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, эҳтимолий ҳужум муҳокамаси ўтган ҳафта 12 ноябрда бўлиб ўтган. Бунга халқаро инспекторлар Эроннинг ядровий материаллари захираси сезиларли ошгани ҳақида берган ахбороти сабаб бўлган.
Муҳокамада вице-президент Майкл Пенс, Давлат котиби Майкл Помпео, Пентагоннинг янги раҳбари Кристофер Миллер ва Бош штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари Марк Милли қатнашган.
Маслаҳатчилар Президентни Эронга ҳужум қилиш фикридан қайтарган. Улар Трамп президентлигининг сўнгги ҳафталарида кенг кўламли можаро келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Гап Эрон марказидаги Нетенз шаҳри яқинида жойлашган уранни тўйинтирувчи завод ҳақида борган. Бу завод Эрон ядро дастурининг энг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади.
Куни кеча Халқаро атом энегрияси агентлиги (МАГАТЭ) расмий Теҳроннинг уран захираси ядро келишувига кўра белгиланган миқдордан 12 баравар кўп эканини маълум қилганди. АҚШ келишувдан 2018 йилда чиқиб кетган.
Трамп маслаҳатчиларидан бу зарба қандай оқибатга олиб келиши мумкинлигини сўраган. Помпео ва Милли бу минтақада қуролли можаро келтириб чиқариши мумкинлигини айтиб, муҳокамани тарк этган. Нашр маълумотига кўра, Президентнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари ядро объектига ҳужум қилиш ақлбовар қилмас иш эканини айтганига қарамай, Трамп ўз режасини амалга ошириш йўлларини қидиряпти.
Афтидан, Трамп шу орқали АҚШнинг Эрон билан алоқаларини буткул боши "берк кўчага" олиб бориб, ўзидан кейинги Президент Жо Байденга яхшигина бошоғриқ қолдирмоқчи. Байден Эрон билан овора бўлиб қолса, у сайловолди ваъдаларини бажара олмай қолиши мумкин.
LiveБарчаси