Трамп Давлат департаментидаги юқори мартабали дипломатларни ишдан бўшатади
Олам
−
12:20
2543Американинг сайланган президенти Дональд Трампнинг жамоаси Давлат департаментидаги баъзи юқори мартабали дипломатларнинг истеъфосини талаб қилди. Ушбу чора-тадбирлар Жо Байденнинг кетаётган маъмурияти билан "ҳал қилувчи танаффус"ни намойиш этишга қаратилган. Бу ҳақда кеча, 19 январь куни манбаларига таяниб, "The Washington Post" хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, “ўнлаб дипломатлар” Трамп ёрдамчиларидан тегишли кўрсатмалар олгач, бугун, 20 январь куни тушдан кейин истеъфога чиқади.
Маълум қилинишича, мажбурий истеъфолар орасида АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жон Басс ва Давлат котибининг энергия ресурслари бўйича ёрдамчиси Жефри Пайетт ҳам бор.
Истеъфога чиқиш сўралган дипломатлардан бири ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан газетага берган интервьюсида Трамп жамоаси "масалани профессионал тарзда ҳал қилганини" айтди. Унинг сўзларига кўра, бўлажак маъмурият “уларнинг ўрнини ўзлари аввал бирга ишлаган одамлар эгаллашини хоҳлайди”.
Қайд этилишича, бу номзодлардан бири Трампнинг биринчи президентлик даврида Давлат департаменти ижрочи котиби лавозимида ишлаган Лиза Кеннадир. Газетанинг ёзишича, Кенна Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаши мумкин.
Трампнинг инаугурацияси бугун, 20 январь куни тушда бўлиб ўтади. Вашингтонда ҳаво ҳарорати минус 11 даражагача тушиши кутилаётган бир пайтда Трамп ва сайланган вице-президент Жеймс Дэвид Венс аввалдан режалаштирилганидек Конгресс биноси олдида эмас, балки 40 йил ичида биринчи марта унинг марказий залида, 1 мингдан ортиқ одамни сиғдириш қийин бўлган Ротундада қасамёд қилади.
Маросим олдидан Вашингтонда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Оқ уй ва Конгрессга туташ шаҳар марказининг катта қисми автомобиллар ҳаракати учун ёпиқ. Капитолий тепалиги ўраб олинган ва бир неча кундан бери кенг жамоатчиликни киритмаяпти.