Трамп аш-Шара билан учрашишга рози бўлди
Олам
−
14 Май 4387 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашишга рози бўлди. Бу ҳақда Оқ уй вакили журналистларга маълум қилди.
“Президент [Трамп] Саудия Арабистонида бўлганида Сурия президентини эртага (14-май) кутиб олишга рози бўлди”, деди Америка расмийси.
У бошқа тафсилотларни келтирмади.
Бирлашган Араб Амирликларининг “The National” газетасининг хабар қилишича, аш-Шара бугун, 14 май куни Саудия Арабистонига ташриф буюради ва у ерда Трамп билан Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши саммити доирасида учрашиши мумкин.
Газетанинг Сурия ТИВдаги манбасига кўра, Ар-Риёд Трамп ва аш-Шара ўртасида “45 дақиқалик учрашув” ўтказишни таклиф қилган.
Сурия Ташқи ишлар вазирлигининг яна бир мулозимининг газетага айтишича, Ар-Риёд Дамашқ ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларда воситачи ролини ўз зиммасига олган. Унинг таъкидлашича, учрашув натижаси, агар у бўлиб ўтса, “саудияликларга боғлиқ бўлади”.
Нашр манбаларидан бирига кўра, аш-Шара ва Трамп ўртасидаги эҳтимолий суҳбатнинг асосий мавзуси Американинг Сурияга қарши санкцияларини бекор қилиш бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Трамп 12 май куни Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған билан Сурия бўйича, жумладан, санкцияларни бекор қилиш мақсадида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлади. Унинг ишонтиришича, Америка маъмурияти сурияликларга “тоза варақдан бошлаш” имкониятини бермоқчи.
Америка етакчиси Саудия Арабистонига 13 май куни Яқин Шарққа сафари доирасида етиб келди. 14 май куни Ар-Риёдда АҚШ ва Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши қўшма саммит ўтказиши режалаштирилган.