Трамп Африкадаги G20 саммитида қатнашмайди
Олам
−
06 Сентябрь 3508 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Жанубий Африка Республикасида 22-23 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган G20 саммитида қатнашмайди. Бу ҳақда у кеча, 5 сентябрь куни Оқ уйда маълум қилди.
G20 етакчилари учрашувида Оқ уй раҳбари ўрнига АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс иштирок этади.
Трампнинг сўзларига кўра, G20 саммити 2026 йил декабрь ойида унинг гольф клуби ва Майами яқинидаги Дорал шаҳридаги курорт-меҳмонхона мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтади.
“Ҳа, у Доралда бўлиб ўтади. Ҳамма у ерда бўлишини хоҳлайди, чунки курорт аэропортга яқин, энг яхши жой, гўзал”, деди Трамп.
Республикачи учрашув ташкил этишдан пул ишламаслигини таъкидлади.
“Бу пул ҳақида гап кетмайдиган шартнома”, деди у.
Трамп, шунингдек, АҚШда бўлиб ўтадиган G20 саммитида Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпинни меҳмон қилишдан хурсанд бўлишини айтди.
Трамп Жанубий Африкани “геноцид”да айблади
21 май куни Жанубий Африка президенти Сирил Рамафосанинг Оқ уйга ташрифи чоғида Дональд Трамп Жанубий Африкада гўёки оқ танли фермерлар оммавий равишда ўлдирилаётганини айтди.
Рамафоса оқ танли озчиликнинг “геноцид” айбловларини қатъиян рад этди. Унинг сўзларига далил сифатида АҚШ Президенти бир нечта фотосуратларни кўрсатди.
Кейинроқ “Reuters”нинг хабар қилишича, ушбу суратлардан бирида Конго Демократик Республикасининг Гома шаҳрида исёнчилар билан тўқнашувдан сўнг қутқарувчилар жасадлари бўлган сумкаларни кўтариб кетаётгани тасвирланган. Оммавий қотилликларнинг яна бир далили сифатида Трамп қишлоқ йўли бўйлаб юзлаб оқ хочлар тасвирланган кадрларни тақдим этди.
Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, булар мингга яқин ўлдирилган оқ танли фермерларнинг қабридир. Аслида, KNA маълумотларига кўра, тасвирлар 2020 йилда Жанубий Африканинг шарқий қисмидаги намойишдан олинган.