Трамп 1 млн долларлик олтин картасини жорий қилди
Олам
−
20 Сентябрь 2025 3890 2 дақиқа
АҚШ ҳукумати хорижий фуқароларга мамлакатда яшаш ҳуқуқини тезлаштирган тартибда берадиган Trump Gold Card (“Трампнинг олтин картаси”) дастурини ишга туширди. Бу ҳақда фармон кеча, 19 сентябрь куни шахсан мамлакат Президенти Дональд Трамп томонидан имзоланди.
Фармонга кўра, хорижликларга мамлакатда яшаш ҳуқуқи Trump Gold Card орқали тезлаштирилган тартибда 1 миллион доллар эвазига берилади.
Трампнинг таъкидлашича, янги дастур АҚШ учун “жуда муваффақиятли” ва “сермаҳсул” бўлади. Одамлар келиш учун катта маблағ сарфлайди ва бу орқали мамлакат бюджетига миллиардлаб доллар кириб келади. Бу маблағлар солиқларни камайтиришга, давлат қарзини ёпишга ва бошқа фойдали ишлар учун йўналтирилади.
Оқ уйдаги маросимда Трампнинг ёрдамчилари дастур хорижий фуқароларга махсус виза олиш имконини беришини айтган. Улар АҚШни 1 миллион доллар билан қўллаб-қувватласа, тезлаштирилган тартибда яшаш ҳуқуқи олади. Шунингдек, Америка компанияси ҳам ўзининг хорижий ходимига яшаш ҳуқуқи берилиши учун ҳукуматга 2 миллион доллар тўлаш имкониятига эга бўлади. Дастур доирасида “Trump Platinum Card” (“Трамп Платина Картаси”) ҳам жорий этилган бўлиб, уни олиш учун 5 миллион доллар тўлаш керак. Бу картага эга бўлганлар чет элда топилган даромадлари учун АҚШда солиқ тўламайди.
АҚШ Савдо вазири Говард Лутникнинг айтишича, мазкур ташаббус мамлакатга бизнес яратадиган ва америкаликларга иш ўринлари тақдим этадиган бой инвесторларни жалб этади. Унга кўра, дастур орқали АҚШ бюджетига 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ тушиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Трамп H-1B туркумидаги визалар бўйича ҳам янги қоидаларни имзолади. Ушбу виза орқали АҚШ компаниялари хорижий мутахассисларни ёллаши мумкин. Эндиликда компаниялар бу имкониятдан фойдаланиш учун 100 минг доллар тўлаши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Трамп АҚШда бой хорижликларга мамлакатда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи “олтин карталар” сотилиши ҳақида эълон қилган эди. Кейинроқ эса АҚШ Савдо вазири Говард Лутник бир кун ичида 1 000 та “олтин карта” сотилганини ва бу орқали ҳукумат 5 миллиард доллар даромад қилганини маълум қилди.