Тожикистондаги зилзила Сарез кўлига зарар етказдими?
Олам
−
24 Февраль 2023
16682Аввал хабар берганимиздек, кеча, 23 февраль куни Тожикистонда 9 маротаба зилзила содир бўлган эди. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси зилзила оқибатида Сарез кўлига зарар етмаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, зилзилалар эпимаркази тоғли ҳудудлар, Мурғоб вилояти ва Сарез кўли оралиғидаги чўл ҳудудларда бўлган. Зилзила ўчоғида магнитуда 5 баллни, чуқурлик эса 10 километрни ташкил этган.
Шунингдек, қўмита Сарез кўлининг мониторинги ва эрта огоҳлантириш тизими нормал ишлаётгани, ҳеч қандай ўзгариш рўйхатга олинмаганини маълум қилган. Ташкилотга кўра, Сарез кўлига сув келиши ва унинг сарфланиши ўзгаришсиз қолган, яъни бугунги кунда сув оқими сониясига 39 куб метрни, сарфи эса 45 куб метрни ташкил қилмоқда.
Маълумот учун, Сарез кўлида сув тошқини хавфи юзага келиши Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонга ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Масалан, 2015 йилда Сарез кўли ҳудудида 7,3 магнитудали зилзила содир бўлиши оқибатида тош қулаши қайд этилган эди.
Алибек Бейжанов